Амрилло Иноятов: АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ОЛИС ВА ЭНГ ЧЕККА ҲУДУДЛАРДАН БОШЛАНАДИ

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимларнинг вилоятларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадидаги хизмат сафарлари давом этмоқда. Кеча, 15 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Вобкент туманида бўлиб, у ерда бирламчи тиббий-санитария хизмати ҳолатини ўрганганди.

Бугун – 16 январь куни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ вилоятнинг олис ҳудудларидан бири – Жонгелди овулига йўл олди. Мутасаддилар – вилоят “Бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш штаби” аъзолари, вилоят  Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи  Ғафур Саидов, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ҳожиев ва бошқалар Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини ўргандилар.

Пешкў тумани марказидан салкам 200 километр олисда, янаям аниқроғи саҳро қўйнида жойлашган мазкур аҳоли пунктида бугун қозоқ миллатига мансуб 742 нафар аҳоли умргузаронлик қилади.  Ерлик аҳоли асосан, йилқичилик ва қоракўлчилик билан шуғулланади. Бу ерда ёш авлодни қозоқ тилида ўқитишга ихтисослашган ўрта таълим мактаби ва қишлоқ касалхонаси мавжуд.

Вазирлик вакили қишлоқ участка касалхонасига, шу ерда мактабга ва турли касалликлар бўйича ҳисобда турувчи беморлар хонадонларига борди. Ўқитувчилар билан бўлган мулоқот жараёнида уларнинг фикрлари, таклифлари ҳамда муаммолари билан ҳам қизиқди. Устозлар томонидан йилида бир маротаба уларни санаторияларга юбориш масаласи ўртага ташланди. Вазир ўринбосари томонидан бу таклиф маъқулланди.

– Президентимизнинг 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номлашларида катта маъно ва биз англаб олишимиз керак бўлган чуқур моҳият бор, – деди А. Иноятов аҳоли ва тиббий ходимлар билан учрашув чоғида. – Биринчидан, ёшларимизга сифатли таълим ва тарбия бериш учун ўқитувчиларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш зарур. Иккинчидан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш олис ва энг чекка ҳудудлардан бошланади. Биз, соғлиқни сақлаш ходимлари мана шу ҳақиқатларни ўзимиз учун дастуриламал қилиб олишимиз лозим.

Яна бир билдирилган таклиф ва унинг ечими жонгелдиликлар учун узоқ вақт хотирада сақланиб қоладиган бўлди, десак муболаға бўлмайди. Гап шундаки, Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга кира олмаган шу ерлик ёшларнинг 10 нафарига эндиликда имтиёз бериладиган бўлди. Улар жорий йилдан олий даргоҳда таҳсилни бошлаб юборадилар ва уч йиллик шартнома пулларини тиббиёт институти ўз зиммасига олиши маълум бўлди.

Шу куни овулда ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикка барча фуқаролар жалб этилди. Вилоятнинг энг сара мутахассислари аҳолини тиббий текширувдан ўтказдилар. Кўчма флюроография, Мобил поликлиника аҳоли хизматида бўлди.

1-гуруҳ ногирони Аҳмад Нуримжаров (1970 йилда туғилган) билан қилинган мулоқотдан сўнг унинг реабилитацияси учун бепул ордер расмийлаштириладиган бўлди. Бундан ташқари бу беморга ногиронлик аравачаси ҳам берилди.

Шунингдек, икки маротаба инсультни бошидан ўтказган Усара Кабакова ва ревматоидли полиартритдан қийналаётган унинг турмуш ўртоғи Бектибай Шалубаевга, Паркинсон синдромига дучор бўлган бемор Кулаш Айимбетовага, дисциркуляторли энцефалопатия билан оғриган Серикболсин Маҳамбетовга саломатликларини тиклаб олишлари учун имтиёз бериладиган бўлди. Бундан ташқари, икки киши вилоятдаги Моҳи хосса санаторийсига (Хожагул Аҳмедова, Баронгул Ходжабаева), икки нафар фуқаро эса (Жамила Ақбергенова ҳамда Улдана Қурбанбаева) РШТЁИМ Бухоро филиали ва Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига жарроҳлик амалиётини ўташ учун юбориладиган бўлди. Бу беморларнинг бири сурункали холецистит, ўт-тош касаллигидан азият чеккан бўлса, иккинчиси ўнг сон суягининг туғма чиқиши дардидан қийналиб келаётган экан.

Жонгелди қишлоқ участка касалхонаси бош врачи Гулнур Айимбетова вазир ўринбосари билан мулоқот чоғида бу ерда мавжуд шарт-шароитлар ҳақида гапириб, айни пайтда уларни қийнаётган муаммоларга ҳам урғу берди. Қишлоқ касалхонаси учун транспорт масаласини ислоҳ қилиш, бу ерда янги очилган жарроҳлик бўлимини моддий техника базаси билан бойитиш, зарур тиббий аппаратлар билан уларни тўлиқ таъминлаш бўйича Амрилло Иноятов масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати

 

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.