Қоровулбозор шифокорлари ҳузурида

Қоровулбозор тумани Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани Қашқадарё воҳаси билан қўшни бўлган олис саҳро кенгликларида жойлашган манзилларидан биридир. Қачонлардир бошқа туманлардан инфратузилмаси ортда бўлган мазкур туманда бугунги кунда жиддий ўзгаришлар рўй бераётир. Бу жараёнлар тиббиёт соҳасига ҳам қатор янгиланишларни олиб кираётгани ҳам сир эмас.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидовнинг тизимга қарашли даволаш профилактика муассасаларига ташрифи давом этмоқда. Бу гал у Қоровулбозор туман тиббиёт бирлашмасига келди. Унга бошқарманинг бош акушер-гинекологи Нодир Жўраев ҳамроҳ бўлди.

Анъанага кўра, бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сонли Фармони ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан бирлашмада бажарилаётган ишлар билан қизиқди. Бу ердаги мавжуд бўлимлар фаолияти, кадрлар салоҳияти, оналик ва болалик муҳофазаси, бирламчи тиббий санитария бўғинидаги ишлар, даволаш ва диагностика ютуқлари ҳамда муаммоларини ўрганди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Илҳом Бозоров Давлат дастурлари ижроси ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берар экан, галдаги вазифаларга ҳам урғу берди.


Ғ.Н.Саидов шифокорлар билан суҳбатлашаркан, уларга соҳага алоқадор ҳужжатларда белгилаб берилган устувор вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида гапирди. Бугунги тиббиёт кечагисидан кескин фарқ қилишини, давр соҳа ходимидан доимий равишда изланишни талаб этишини таъкидлаган раҳбар оқ халат эгаларини хорижда малака оширишга ҳамда илмий йўналишда ўзларини намоён этишларига даъват этди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган суҳбатда бошқарма бошлиғи мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Бухоро вилоят ССБ ахборот хизмати

 

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.