САЛОМАТЛИК ИРОДАГА ҲАМ БОҒЛИҚ

Қайсидир куни таксида кетаётиб ҳайдовчи билан суҳбатлашдик. Ёши олтмишдан ошган. Айтишича, шифокорларнинг кўрсатма ва тавсияларига сира амал қилмас экан.

-Нуқул уни ема, буни ема, парҳез қил, дейди бу дўхтирлар. Одам ҳаётга бир маротаба келади. Кўзингни, димоғингни ўйнатадиган ноз-неъматларни қандай емай бўлади, ука? Мана, нафақадаман, ўлганим йўқ. Хоҳлаганимча еб-ичиб юрибман, – деди такси ҳайдовчиси керилиб. 

-Демак, шу пайтгача бирон маротаба касал бўлмагансиз? – сўрайман ундан.

-Э, касални сўраманг. Айтдим-ку, парҳез буюрилган менга. Бунинг устига яқинда инфарктни бошдан кечирдим. Худо берган дард, ўзи шифосини ҳам берар?..

Суҳбат асносида англадимки, қон томирларда ҳосил бўладиган тромблар ниманинг ҳисобига юзага келишини, улар инсон ҳаётига нечоғли хавф солишини ҳалиги одам яхши билмас экан… Билгани шуки, дард ўзи келади – ўзи кетади.

Мен бу одамга ачиндим. Ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлдим-у бироқ ёшини ҳурмат қилдим. Балки ўзи ҳаммасини (ҳақиқатни) тушуниб туриб, ичидан тан олса-да иродаси ожизлиги туфайли сиртида тан олмаётгандир? Менимча, шундай. Чунки, ирода ожизлиги кўпчиликка хос бўлган нарсадир.

Кундалик турмушимизда барчамиз зарар ва фойдасини биладиган, бироқ деярли амал қилмайдиган қоидалар талайгина. Дейлик, кўп овқат ейиш ошқозонга зиён эканлигини биламизу, камига ўринга ётиш олдидан бўкиб таомланишдан ўзимизни тиёлмаймиз. Тамаки чекишга муккасидан кетиш ўпканинг кушандаси бўлиши мумкинлигига ишонамизу, унга тобе бўлишдан ўзимизни асрашга ирода топа олмаймиз. Икки қадам бўлсаям пиёда юриш соғликка кони фойда деймизу, дарвозамизнинг олдигача олиб бориб қўймагани учун такси ҳайдовчиси билан ёқама-ёқа бўлишгача борамиз. Албатта, бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Ҳа, бугун соғлом турмуш тарзи ва уни одамлар орасида қарор топтириш борасида шунчалик кўп гапирилмоқдаки, олтин қоидаларга оид талаблар деярли барчамизга ёд бўлиб кетди. Ҳукумат эса аҳолини соғлом ҳаётга даъват этиш, бунингсиз юзага келиши мумкин бўлган турли хавфли касалликларнинг олдини олиш мақсадида оммавий равишда соғломлаштириш тадбирлари, спорт марафонлари ҳамда мусобақалари уюштиришни рағбатлантириб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сонли Фармонида «Соғлом турмуш тарзи» платформасини яратишга доир устувор вазифалар белгиланди. Унга кўра, мамлакат ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан; ҳар ойда ҳар бир шаҳар ва туман бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши белгиланди.
Қатор корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида эрталабки бадантарбия машғулотлари, ҳафтанинг маълум бир кунида велосайрлар, “Ҳар куни – беш минг қадам юр!”, “Саломатлик сари ўн минг қадам!” шиорлари остида пиёда юришни даъват этувчи ва рағбатлантирувчи тадбирлар анъанага айлантирилган. Масалан, Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг тизимидаги муассасаларда ҳам тиббиёт ходимларининг жисмоний ва ақлий жиҳатдан саломатлигини таъминлаш мақсадида тадбирлар ўтказиб келинади.

Камина ҳам мобил телефонимга пиёда юрганда индивидуал ҳаракатни мезонловчи махсус илова (“шагомер”) ни юклаб олганман. Худди шундай, жамоадошларимнинг ҳам бунга қизиқаётганлиги уларнинг ҳаракатида сезилмоқда. Улар эрталаб уйдан чиқаётиб остонадан уловга ўтирмасдан 2-3 километр масофагача пиёда юришаётганликларини ва кунлик ташлаган қадамларини ҳисоб-китоб қилишаётганликларини таъкидлашади. Албатта, кун давомида ва ҳафта давомида доимий равишда пиёда ҳаракатланишнинг имкони бўлмайди. Аммо, яхши томони шундаки, ҳаёт тарзимга озми-кўпми ўзгариш кирганлигидан, бир кунда хоҳ бир километр, хоҳ ўн километр бўлсин, юраётганлигим менга руҳий ва жисмоний тетиклик бағишламоқда. Овқат ҳазм қилиш тизимида, уйқуда ўзгаришлар сеза бошладим.

Уйга қайтаяпман. Иккинчи қаватда яшайдиган қўшнимнинг болалари лифтни кутиб ўтиришибди. Уларга ўз оёқларида теппага кўтарилиш кони фойда эканлигини айтиб, зинага қараб йўналаман. Қанийди шу гапни уларга ота-оналари айтишганида эди…
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликлар мардона енгиб ўтилаётганини таъкидлар экан, 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номлашни таклиф этди. Албатта, бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. 2020 йил нафақат биз учун, балки бутун башарият учун синовли келди. Халқимиз эса табиий ва техноген фалокатларни, коронавирус пандемияси туфайли кўплаб йўқотишларни ўз бошидан кечирди. Айнан коронавирусдан иммунитет тизимида муаммолари борлар, шунингдек йўлдош касалликлари билан оғриган беморлар кўпроқ азият чекишди, қурбонлар шу тоифа орасида кўпроқ кузатилди.
Инсон спорт билан, бадантарбия машғулотлари билан мунтазам равишда шуғулланиб турар экан, табиийки, у соғлом бўлади ва касалликлар ундан йироқ бўлади. Бу оддий ҳақиқат. Лекин сўзим бошидаги мисолда айтганимдек, кўпчилигимиз буни тан олгимиз келмайди. Сабаби – ирода бўшлиги. Ирода, яъни – руҳий қувват яна саломатлик билан боғлиқ. “Соғ танда – соғлом ақл” деганларидек. Келинг, биринчи иродамизни қўлга олайлик. Бир синаб кўринг, ҳақиқий роҳат ва лаззат еб-ичишда эмас, улардан тийилишда эканлигига ўзингиз ҳам амин бўласиз! Буни мен айтмаяпман, донишманд ота-боболаримиз айтишган. Мен синаб кўрганман, холос.

Янги йилда барчамиз учун саломатликни мустаҳкамлаш устувор мақсад бўлишига ишонгим келади.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ, 

“Бухоро шифокори” газетаси мухбири.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.