Соғлом келажакка йўл тиббий кўрикдан бошланади

Аксарият кишиларда, айниқса, ёшларда оила қуриш олдидан ўтказиладиган тиббий кўриклар шарт эмас, деган қарашлар мавжуд. Тўй олдидан қудалар ҳам бир-бирларига бу ҳақда гапиришга ийманадилар. Бўлажак куёв ёки келинлар орасида ҳам бу борадаги маъулиятни ҳис этмасдан “Мен соғломманку, кўрикнинг нима кераги бор?” дея мазкур жараёнларга панжа ортидан қараётганлари ҳам учраяпти. Касаллик эса иситма каби ҳар доим ҳам ўзини кўрсатавермайди. Тўйдан сўнг юзага чиққан дард эса ҳам оила, ҳам туғилажак фарзандлар инқирозига замин яратмоқда.

Вилоят Перинатал марказида Бухоро вилоят Репродуктологлар Ассоциацияси ҳамда вилоят Репродуктив саломатлик маркази ташаббуси билан “Никоҳдан олдинги тиббий кўрик жинсий йўл орқали юқувчи касалликларнинг олдини олади” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ассоциация вакиллари, марказ ходимлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари, Бухоро давлат тиббиёт институти ассистентлари, вилоят тери-таносил касалликлари шифохонаси дерматовенерологлари, вилоят руҳий-асаб касалликлари, вилоят наркология ҳамда сил касалликлари диспансерлари, ОИТС маркази мутахассислари, ФХДЁ  органлари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни вилоят Репродуктив саломатлик маркази раҳбари Нодира Холова очди ва бошқариб борди.
Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида, аввало,  бўлғуси ота ва оналар саналган никоҳланувчи йигит-қизларнинг репродуктив саломатлиги муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда ҳар йили ўртача ҳисобда 300 мингдан зиёд никоҳ қайд этилаётган бўлса, 600 мингдан ортиқ киши никоҳ олди текширувидан ўтади. Никоҳдан ажралишлар сони ёшлар орасида барқарор ўсиб бориб, 2015-2019 йилларда жами 29,3 мингтадан 31,4 мингтагача ошди. Оилавий ажралишларнинг сабаблари асосан, бепуштлик, ногирон болалар туғилиши, эр-хотиннинг сурункали касаллиги билан ҳам боғлиқ.
Ёшларнинг тиббий маданияти даражаси етарли эмаслиги ва яна бир қатор омиллар сабабли бир ёшгача бўлган гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ўсган. Бу ҳолатга ирсий касалликлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳам сабаб ҳисобланади. Айнан шундай вазиятларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда 2003 йил 23 августда Ҳукуматнинг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори қабул қилинган.
Бироқ никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишдаги тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги келгусида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта, тизимда ҳам бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларни ҳал этиш ва кўзланган мақсадларга эришиш учун эса бу йўналишга масъул бўлганларнинг ўзаро ҳамкорлиги устуворлик касб этмоқда. Конференцияда шу масалаларга алоҳида урғу берилди.
Ҳар бир маърузада бу йўналишдаги мавжуд муаммолар тилга олинар экан, уларни ҳал этиш усуллари ҳам ўртага ташланди. Хусусан, ўтган йилда никоҳланувчилар тиббий кўриги даврида аниқланган касалликлар кўрсаткичлари тақдимот кўринишида таҳлил қилинди.

Тадбирда вилоят 1-ФҲДЁ бўлими ходими З.Қурбонова, вилоят Нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари А.Болтаев, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Р.Ҳикматов, Бухоро тиббиёт институтининг Фтизиатрия-пульмонология ва дерматовенералогия кафедраси катта ўқитувчиси Мухтор Жумаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳамкорлик тадбирларини янада жонлантириш кераклиги, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда шу йўналишни рағбатлантиришни кўзда тутувчи грант лойиҳалари билан ишлаш, ёшлар орасида урогенитал инфекциялар билан касалланиш даражаси ва уларни ташхислаш ҳамда даволашдаги бугунги имкониятлар, сил ва руҳий хасталиклар профилактикаси борасида ўз фикрларини билдирдилар.
Якунда конференция қатнашчилари айрим йўналишларда тиббиёт мутахассисларининг билим ва малакаларини мустаҳкамлаш семинарлар ўтказиш, ОИТС касаллигига олинадиган таҳлилларга жиддий эътиборни қаратиш, жойлардаги флюорография аппаратларининг созлигини текшириш, МФЙ ҳамда посбонлардан профилактик маълумотларни мунтазам равишда олиб туриш, никоҳланувчиларга тўйдан кейин кечиктирилган тиббий кўриклар пуллик хизмат асосида амалга оширилажагини тушунтириш лозимлиги таъкидланди.

Бухоро вилоят ССБ ахборот хизмати

 

 

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.