ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Қадрли дўстлар, элимизга сидқидил хизмат қилиб келаётган азиз шифокорлар, соҳамизнинг барча ходимлари!
Барчангизни кириб келаётган Янги йил байрами билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси номидан ва шахсан ўз номимдан самимий қутлайман, сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, ишларингизга муваффақият тилайман.
Кечагина мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга қилган мурожаатномаларида ўтаётган йил ҳақида хулосаларини ва келгуси йилда қилинажак ишларни батафсил баён қилиб бердилар. Қалбимиздан чуқур ўрин олган бу мурожаатнома байрам арафасида барчага кўтаринки руҳ бахш этди. 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинди.
Ёшлар ва аҳоли саломатлиги масаласи бир-бири билан узвий равишда боғлиқдир. Ватан тараққиётини, тақдирини шу икки нарса ҳал қилиши бугунги кунда аён бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз бу хусусда алоҳида тўхталдилар ва келгусида қилинадиган ишларни белгилаб бердилар.
Янги йил остонасида туриб, албатта, ҳар биримиз ўтган йилга – ортимизга назар соламиз. Нималарга эришдик ва нималарни йўқотдик? Эришилган ютуқлар ўзимизга маълум, аммо ўтаётган йил бир глобал муаммо билан дунё халқлари, жумладан, бизнинг халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бу коронавирус пандемиясидир. Гарчи юртимизда бу офат айрим давлатларга қараганда кам талофот билан кечган бўлса-да орамиздан биз билган, таниган қатор инсонларни шафқат қилмай олиб кетди. Бу бизга катта ҳаётий сабоқ бўлди. Шуларни ўйлар эканмиз, инсон умри ва соғлиги нақадар азиз, қимматли неъмат эқанлигига, уни қадрлаш ва асраш зарурлигига амин бўламиз. Пандемия пасайди, аммо ҳали тугагани йўқ. Эндиги вазифамиз тажрибадан хулоса чиқариб, саломатлик учун нимаики зарур бўлса, сўзсиз бажаришдир.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги асосий вазифалар Президентимиз мурожаатномасида чизиб берилди. Бу борада, айниқса, соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг олдида шарафли ва улуғвор вазифалари турибди.
Аввало, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, шифокорларнинг билим ва малакасини ошириш, тиббиётга янги технологияларни олиб кириш, «Қишлоқ шифокори», «Оила шифокори» тиббий хизмат усулларини жорий этиш, бирламчи тиббий хизмат имкониятларини юқори даражага кўтариш энг биринчи вазифаларимиздандир. Вилоятимизда ҳам бу борада залворли режалар белгиланган.
Мана шу ишларни муваффақиятли амалга ошириш йўлида барчамиз камарбаста бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик кўрсатишимиз лозим. Ўзбекистон халқи ёрқин келажак, улуғ мақсадлар сари интилмоқда. Бу йўлда ҳеч сабаб, ҳеч қандай куч бизга тўсиқ бўлолмаслигини биламиз.
Азиз юртдошлар, қадрли ҳамкасблар! Яна бир марта сизларни, сиз орқали оила аъзоларингизни Янги йил байрами билан муборакбод этар эканман, юракдаги эзгу ниятларимиз, олдимизда турган вазифалар тўла амалга ошиши учун сизларга мустаҳкам соғлик, куч-қувват ва омад тилаб қоламан.

Ғафур САИДОВ,
вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.