Чекка ҳудудларда аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги 28-29-қишлоқ оилавий поликлиника ҳудудларига қарашли қатор МФЙларда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Тиббий кўрикдан асосий мақсад аҳоли орасида сурункали ноинфекцион касалликларни эрта аниқлаш, турли хавф омилларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлардан иборат.
Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг 30 дан ортиқ малакали шифокорлари тиббиётнинг 13 та йўналиши бўйича аҳоли соғлиғини чуқур кўрикдан ўтказишди.Беморларга замонавий УЗИ ва ЭКГ текширувлари, лаборатор таҳлиллардан ўтказиш учун ихтисослашган тез тиббий ёрдам машиналари жалб қилинди.
-Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда жами 486 нафар бемор назоратдан ўтказилди, -дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг директори Тоҳир Мусоев. -29 нафари туман тиббиёт бирлашмасига стационар шароитда даволанишга ётқизилди. 22 нафар беморларга вилоятдаги ихтисослашган тиббий муассасаларга йўлланма берилди. 342 нафар беморлар амбулатор шароитда даволаниш тавсияларини олишди.Шунингдек, ногиронлиги бор ва ҳаракати чекланган беморларга ихтисослашган тез тиббий ёрдам машинаси билан тор соҳа мутахассисларининг кўриги, инструментал ва лаборатор текширувлар уй шароитида ташкил қилинди.
Беморларнинг 150 дан ортиғида УЗИ текширувлари, 130 дан ортиғида ЭКГ текширувлари, 300 дан ортиғида лаборатор таҳлиллар ўтказилди. Қабулларда аҳоли вакилларига соғлом овқатланиш, ҳаракатчан ҳаёт тарзини ташкил қилиш ва бошқа мавзуларда етарлича тиббий маълумотлар берилди.
Ўтказилган бу каби чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда аҳолининг тиббий хизмат билан қамраб олиш даражаси оширилади. Турли юқумли касалликлар хавф омилларини вақтли аниқлаш, аҳолининг тор мутахассислар ва бирламчи бўғин орасида самарали интеграция механизмлари яратилади. Аҳолининг турмуш тарзи яхшиланишга ва тиббиёт муассасаларига ишончи ортади. Беморларнинг тиббий саводхонлик даражаси ошиб, касалликларни вақтли профилактикасида энг муҳим омил ҳисобланади.
uza.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.