Тиббиёт ходимлари шарафландилар


Тарихдан аён ҳақиқат шуки, ҳар бир давр эврилишлари, турли мураккаб ва кескин вазиятлари ўз қаҳрамонларини кашф этади. Шу маънода бутун дунё халқи ва жамоатчилигини жиддий ташвиш ва изтиробга солиб қўйган пандемия шароитида инсон ҳаёти ва саломатлигининг посбонлари — шифокорлар чинакам қаҳрамон сифатида эътироф этилмоқда. Зеро, жамият тамаддунининг турли босқичларида шифокорлар нажоткорлардир.


Кўзга кўринмас вирус дунё бўйлаб тарқалиб, энг сўнгги замонавий технологиялар билан қуролланган, оламни бошқаришга қодирман, деган кучлардан тортиб, ҳаётни фақатгина ўйин-кулгу, сайру томошадан иборат билган одамлар, умр мазмунини, инсонийлик матлабини, бандалик талабини англаган фидойиларгача, барча-барчани оёққа қалқитди, ҳушёрликка чорлади. Бу кескин синовли вазият бевосита тиббиёт мутахассисларининг салоҳияти, масъулиятига боғлиқ бўлиб қолди. Ўз азиз жони учун қанчалик хавф туғдирмасин, шифокорлар фидойи ва қаҳрамонларча инсоният саломатлигини муҳофаза қилишга отланди. Бугун дунё асл тиббиёт ходимларини олқишламоқда, қўлламоқда, улар қаршисида таъзим қилмоқда.
>


Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши кураш борасидаги ҳар бир чиқишлари — мурожаатларида тиббиёт ходимлари меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга чуқур миннатдорлик билдирмоқдалар. Чунки, халқимиз саломатлиги йўлида буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино бобомизнинг муносиб ворислари сифатида бор билим ва тажрибасини аямай матонат кўрсатиб келаётган минглаб тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик ва хайрли ишлардан иборатдир. Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси — тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Бухоро Ёшлар марказида ташкил этилган тадбирда ҳам бу фикрлар ўз эътирофини топди.


Тантанада йиғилган тиббиёт ходимларини вилоят ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев касб байрами билан самимий муборакбод этди.

Табрик сўзида таъкидланганидек, сўнгги йилларда соҳага тааллуқли қатор  фармон ва қарорлар туфайли яхлит соғлиқни сақлаш тизими ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилди. Халқимизни рози қилиш мақсадида бирламчи тиббиёт тизими фаолиятини тубдан яхшилаш, дори-дармон таъминоти, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларни йўлга қўйиш билан боғлиқ кўплаб муҳим вазифалар амалга оширилди.

buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.