Яна бир гуруҳ бухороликларга “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди

Бугун бутун башарият қатори бизнинг ўзбек халқи ҳам коронавирус пандемияси сабаб оғир синов ва қийинчиликларга қарши матонат билан курашмоқда.

Ушбу айёр офатнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсирини юмшатиш, фуқаролар саломатлигини асраш, уларни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини бермоқда, албатта.


Мана шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда мард ва жасур, олижаноб халқимиз янада жипслашиб, ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби юксак инсоний фазилатлар соҳиби эканини яна бир бор амалда намоён этиб келаётир.

Бу борада, ўтган оғир дамлар ва бугунги пандемия даврида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Инқирозга қарши кураш, “Меҳр ва саховат” жамғармаси маблағлари ҳисобидан, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, саховатпеша юртдошларимиз томонидан пандемия сабабли аҳолининг мураккаб аҳволга тушиб қолган қатламларига 8,7 млрд сўм бевосита йўналтирилди. Олот ва Қоракўл ҳамда Сардобадаги офатдан жабр кўрганларга 14,2 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, секторлар томонидан 42 минг 713 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг 17 минг 903 нафари тегишли рўйхатдан, яъни, камбағалликдан чиқарилди.

Айни пайтда синовли кунларда оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволга тушиб қолганларга хайрия ва саховат маблағларини манзилли етказиш, беғараз ҳомийлик ишларига кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мана шундай инсонларни муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони тасдиқланган эди. Фармонга кўра, мураккаб вазиятда халқ, фуқаролар тақдирига бефарқ бўлмай, ўзининг хайирли саховатлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланиши белгиланган.

Бугун, 30 сентябрь куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида мана шундай жонкуяр инсонлар-тиббиёт ходимлари, саховатпеша юртдошларимиз, шунингдек, бир гуруҳ кўнгилли бухороликларнинг 48 нафари “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров барча тақдирланганларни ушбу мукофот билан самимий қутлаб, кўкрак нишонларини топширди.










Тадбирда бугун шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда ўзининг олижаноб хислати билан барчага ўрнак бўлаётган инсонлар тимсолида халқимиз янада жипслашиб, ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби юксак инсоний фазилатлар эгаси эканлигини яна бир бор намоён этганлиги алоҳида таъкидланди.




buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.