ССВ: соғайиш кўрсаткичлари ошган, аммо бу хотиржамликни англатмайди

ССВ: соғайиш кўрсаткичлари ошган, аммо бу хотиржамликни англатмайди

Сўнгги кунларда шифокорларимизнинг матонатли саъй-ҳаракатлари туфайли коронавирусга чалинган беморларнинг соғайиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Жумладан, жорий йил август ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида вазият таҳлил қилинганда мамлакатимиз бўйлаб касаллик қайд этилиши ва даволанишда бир мунча ижобий кўрсаткичларга эришилганини кўриш мумкин.

Жумладан, соғайиш кўрсаткичи сўнгги 25 кун ичида 73 фоиздан 94 фоизгача ўсиб, қарийб 18 минг нафар бемор тузалди.

— Ушбу ижобий кўрсаткичлардан хотиржамликка берилмаслигимиз керак, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Фаррух Шарипов. — Таҳлил этадиган бўлсак, охирги 5-6 кундаги статистикага кўра, 26 августдан бошлаб тез ёрдам хизматига мурожаатлар сони 29,3 мингдан 34,2 мингтагача ошган. Ушбу мурожаатларнинг ўткир респиратор билан боғлиқ чақирувларнинг сони 2,2 мингдан 3,0 мингтагача ошди. Тана ҳарорати ошгани сабаб чақирувлар эса 2,5 мингдан 3,5 мингтагача кўпайган.

Шу билан бирга, амбулатор-поликлиника муассасаларига артериал босимнинг кўтарилиши, ортиқча вазн, қандли диабет каби хасталиклар билан мурожаатлар кўпайган. Пневмония белгилари сабаб қилинган мурожаатлар сони 244 нафардан 305 нафаргача ошганлиги ҳаммани яна бир бор ҳушёр бўлишга, шунингдек, карантин талабларига қатъий амал қилишга ундайди.

xabar.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.