ОСМОНДАГИ ХАВФЛИ ТУЙНУК

*Озон – ҳаёт учун!

Қайсидир йили ёз жудаям иссиқ келди. Бошлиғим иш билан бир ташкилотга юборди. Боз устига ўша ташкилот “ўлик ҳудудда” (улов кам борадиган ва одам кам қатнайдиган жойларни ҳайдовчилар шундай аташади) жойлашгани учун пича пиёда юришга тўғри келди. Рус ҳаммомида ўтиргандек иссиқнинг зўридан нафасим тиқилаёзган, устига-устак бош кийимим ҳам идорада қолган. Кутилмаганда аҳволим ёмонлашиб, кўз олдим қоронғилашиб кетди. Бўғзимда ҳаво тиқилиб, ўпкага ўтолмас даражага етди. Яхшиям ерга ўтириб олганим. Акс ҳолда одамни сариёғдай эритаман деб турган бу жазирама мени турган еримда қулатиши тайин эди. Пича кўзларим ёришгандан кейин дарҳол ўзимни соя-салқинга олдим…

Чиндан ҳам кейинги пайтларда бутун дунёда глобал исиш юзага келганлиги сабабли ўрмонларда кенг кўламдаги ёнғинлар вужудга келмоқда, одамлар орасида эса турли касалликлар авж олган. Бу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Нега бундай бўлаяпти?

Охири замон ҳақида гап кетар экан, унинг илк аломатлари сифатида Одам Ато фарзандлари ўз ҳалокатларига ўзлари сабабчи бўлишлари тўғрисида кўп ва хўб гапирилади. Инсон ақл-заковати такомиллашиб, илм-фан, техника имкониятлари тобора кенгайиб боргани сари турли ихтиролар, ақлбовар қилмас кашфиёту ёндошувлар алалоқибат табиий тизимнинг бузилишига олиб келмоқда. Ўрмонлар кесилиши, саҳроларнинг ўзлаштирилиши, нафақат ботқоқликлар, уларга қўшиб дарё ва кўлларнинг қуритилиши, самони забт этиш, атом ва бошқа ядровий қуролларнинг синовдан ўтказилиши – буларнинг бари экологик мувозанатнинг издан чиқишига сабабчи бўлаётгани сир эмас. Бу жараёнлар, айниқса, сўнгги эллик йил оралиғида авж нуқтага етди. Инсон мана шуларни онгли равишда билиб, унинг ҳалокатли оқибатларини англаган ҳолда йўлида давом этаяпти.

Сўнгги пайтларда бутун дунёда иқлим ўзгариши, айниқса глобал исиш кузатилаётгани, табиий ва техноген фалокатларнинг тобора авж олиб бораётгани мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиш баробарида, одамлар ҳаётига ҳам жиддий хавф солмоқда. Сув тошқинлари, зилзилалар, тўфонлар оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Бир фалокат оқибатларини бартараф қилишга улгурмай туриб, бошқаси ҳамла қилаётгани ҳам бор гап аслида. Ёши улуғлар “табиат хиёнатни кечирмайди, сен бир ёмонлик қилсанг, у ўн баравар қилиб сенга қайтаради”, дейишарди. Жиддий мулоҳаза қилиб қаралса, бу гаплар шу кунларда айнан тасдиғини топаётгандек.

Бир даврада экология бузилганлиги тўғрисида гап кетди-ю, совутгич ва музлатгичларнинг атроф-муҳит муҳофазасига таъсири, айниқса уларнинг озон қатламига кўрсатадиган таъсири ҳақида гапирилди. Афсуски давра аҳли бу мавзуни моҳиятан тушуна оладиган қатлам эмасди. “Кондиционернинг одам соғлигига таъсири ҳақида эшитган эдигу, аммо экологияга зарарини энди сендан эшитиб турибмиз”, дея ҳалиги одамни изза қилмоқчи бўлишди. Баъзан ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб ҳис қилганигагина ишонадиган бу тоифа одамларга гап тушунтириш – игна билан қудуқ қазиш машаққати каби оғир.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, совутгичлар атмосферага ўзидан озон ҳимоя қатламини емиришга хизмат қиладиган ва таркибида гидрофлорокарбонатлар бўлган зарарли газлар ишлаб чиқаради. Айнан мана шу жиҳат ҳам глобал исиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади. Бугунги кунда бутун дунёда кондиционерлардан фойдаланишни чеклаш, уларни ишлаб чиқаришда эса унинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш устида ишлар олиб борилмоқда. Америкалик олимлар аҳвол шу зайл давом этаверса, яқин йилларда юзага келадиган глобал даражадаги иссиқлик натижасида энг салоҳиятли совутгичлар ҳам одамларга ёрдам беролмай қолишини таъкидлашмоқда.

Озон нима ўзи? Газсимон модда бўлиб, стратосферада тўпланиб, озон қатламини ҳосил қилади. Сайёрамизда ҳаёт бардавомлиги, унинг биосфераси, шунингдек инсон саломатлиги ҳамда иқлим мувозанати озон мустаҳкамлигига боғлиқ. Атмосферада пайдо бўлган мана шу қатлам ерга тушаётган қуёш радиациясининг 90 фоиздан ортиқ қисмини ўзида ушлаб қолади ва бу билан галактикамизда яшаётган барча тирик организмларни ультрабинафша нурлари таъсиридан муҳофаза қилади. Озон гази формуласи – Оз бӯлиб, унинг молекулалари 3 оксиген атомидан иборат. Худо кўрсатмасин, азон қатлами нобуд бўлса, ер куррасидаги ҳаёт ҳам инқирозга учрайди. Қуёш нурида мавжуд бўлган ультрабинафша нурлари, ҳатто, инсон терисидан ўтиб одамнинг ички ҳужайраларига жиддий зарар етказишга қодир. Қатлам емирилиши натижасида зарарли нурлар мислсиз даражада ерга ёғилади, бу эса иқлим ӯзгаришларини янада жадаллаштиради.  Бу нурлар ерга етиши билан Шимолий ва Жанубий қутблардаги музларнинг эриши оқибатида иссиқ ва қуруқ минтақаларни сув босиши эҳтимоли ҳам бор. Бундан ташқари, ӯсимликларнинг сийраклашиши ва ҳайвонлардаги генетик ӯзгаришлар ҳам кузатилади.

Янаям аниқроқ ёндошайлик. Инсоният муаммолари нимада намоён бўлади?   Қатламнинг емирилиши натижасида катта миқдордаги қуёш радиацияси ер юзига етиб келади; одамларда тери саратони билан касалланиш ҳолати кескин ортади. Уларни даволаш шифокорлар учун ҳам қийинчиликлар туғдиради; кишиларда касалликка қарши турувчи иммун тизими ҳам шикастланади; бу зиёндан кўзлар ҳам бебаҳра қолмайди; қишлоқ хўжалиги боши берк кўчага кириб қолади: ҳосилдорлик пасаяди, парваришга қарамай дарахтлар қуриб қолаверади, ўсимликларнинг барглари сезиларли даражада кичрайиб боради, қолаверса кислород манбаи бўлган баргларда фотосинтез жараёни заифлашади; қуёшдан ёмғир сингари аёвсиз ёғилиб турадиган ультрабинафша нурлар дунё ҳавзаларидаги барча тирик организмларни зарарлайди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин…

Озон қатламининг емирилишига нафақат инсониятнинг, балки табиий жараёнларнинг ҳам салбий таъсири бор: вулқонлар уйғониши, ер қаъридаги газларнинг ажралиб чиқиши бу қатламдаги туйнукларни кенгайтиришга хизмат қилади. Шунга қарамай сабабларни таҳлил қиладиган бўлсак, барибир, бунда инсон омили етакчилик қилаётгани аёнлашади.

Биз тилга олаётган ушбу ҳимоя қатламининг емирилиши атроф-муҳитга ҳамда инсон саломатлигига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ҳаммага ҳам ўйлаб кўравермайди. Буни англаб етганларида оддий одамлар хазон ва чиқинди ёқмас, саноат корхоналари эса ишлаб чиқарилаётган зарарли газлар таъсирини имкон қадар чеклашга интилган бўлар эди.

Азон қатлами ҳалокатли даражада шикаст топаётганлигини дунё олимлари ўтган асрнинг 60-йиллари охирларида келиб тушуниб етдилар. Бироқ асосий саъй-ҳаракатлар учун яна ўн йилдан зиёдроқ вақт кутишга тўғри келди. Бу йўналишда 1985 йилга келиб озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенцияси, икки йил ўтиб озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль баённомаси қабул қилинди. Монреаль баённомасига кўра, унга аъзо давлатлар озон қатламини емирувчи кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ва қўллашни босқичма-босқич қисқартиришлари, кейинчалик эса улардан батамом воз кечишлари керак. Ушбу халқаро келишувни дунёнинг 190 дан ортиқ давлатлари ратификация қилган.  Ўзбекистон эса мазкур келишувга 1993 йилда қўшилган. Ҳозирги кунда озон қатламини бузувчи модалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича мамлакатимизда ҳам зарур чоралар олиб борилмоқда.

Олимларнинг ёзғирганларича бор: 1998 йилда Шимолий қутб тепасида озон қатламида ҳосил бўлган туйнук ҳажми рекорд даражага етган. 26 млн. кв. км.га! Бу эса Австралия қитъасидан уч баробар катта майдон дегани экан. Озон қатламининг 2011 йил баҳоридаги емирилиши Шимолий яримшарнинг кўплаб ҳудудларида ультрабинафша радиацияси даражасининг ошишига замин яратган. Маълумотларга кўра, Арктика устида озон қатламининг кучли емирилиши 2011 йилдан ташқари, 1996, 1997, 2005 ва 2016 йилларда ҳам кузатилган.

Бир ҳақиқатни англаш пайти етди: инсон ўзи ўтирган шохни кесаётган манқуртга ўхшайди. Уни ўзини кутаётган ҳалокат эмас, айни пайтда қилаётган иши қизиқтиради. Келажак эса хавф остида қолаверади…

Ҳамзабек ТУРДИЕВ, Бухоро.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.