Ўзбекистондаги барча мактабларнинг ходимлари 1 октябргача гриппга қарши эмланади

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 26 август куни имзоланган «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда белгиланган.

Қарор билан Президент Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистондаги барча умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар, педагогик ва бошқа (ёрдамчи) ходимларини марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар гриппга қарши эмлаш ҳақидаги таклифини маъқуллаган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир таълим муассасасига борган ҳолда ходимларни эмлаш ўтказишни ва тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларини вакцина ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўрсин», — дейилади қарорда. Эмлаш учун зарур маблағлар Президентнинг 2020 йил 30 июлдаги фармонида назарда тутилган ва бошқа қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромов аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳукуматга тақдим этилгани, агар режа тасдиқланса, сентябрь ойидан эмлаш ишлари бошланишини билдирган эди.

Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника бош шифокори Шоира Абдусатторова «туман ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда туман аҳолисининг камида 70 фоизини гриппга қарши оммавий эмлашга келишиб олингани»ни маълум қилган эди. Унинг айтишича, 2018 ва 2019 йилларда Юнусободда аҳолининг фақат бир фоизи гриппга қарши эмланган.

daryo.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.