МАҲМУД ОБИДОВ ЭНДИ ОРАМИЗДА ЙЎҚ…

* Қалби боладек беғубор эди
Яхши инсонлар мевали дарахтга ўхшайдилар. Улар даврасида бўлган кишилар ўзлари учун бир олам маънавий завқ ва бир умрга татигулик сабоқ оладилар. Бундай кишиларни унутиш осон эмас. Сизни ҳатто, йиллар ва масофалар ажратиб турса-да, улар билан боғлиқ гўзал таассуротлар ҳамиша яқинлаштириб туради.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси даволаш – профилактика ва тиббий статистикани ташкиллаштириш бўлими бош мутахассиси Маҳмуд Эргашевич Обидов ҳақида ҳам мана шундай сўзларни айтиш мумкин. Афсуски, шафқатсиз ўлим ким учундир шогирд, ким учундир устоз ва яна кўплар учун қадрдон дўст бўлган қалби дарё бу инсонни бугун орамиздан олиб кетди.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизими доирасидаги барча тадбирларда Маҳмуд ака бош-қош бўларди. Ва албатта, ҳар қандай ишнинг устида биринчилардан бўлиб унинг ўзи туриб, ҳамкасбларига намуна кўрсатарди. Самимийлиги, ҳазил-мутойибага мойиллиги ва ҳар қандай шароитда ёнидагиларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳамкасблари орасида обрў-эътиборини зиёда қилиб келган. Унинг даврасида бўлган, унинг оромижон суҳбатини олган ва яхшилик кўрган одам борки, бир юмуш билан бошқармага келганида ҳам, албатта, шу инсонни йўқламасдан кетмас эди.

М.Обидов 1953 йилнинг 21 январида Бухоро туманида таваллуд топган.

Ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, 1976 йилда Ўрта Осиё медицина педиатрия институтига ўқишга кирди. Айнан болажонлиги, шўх табиати уни тиббиётнинг шу йўналишини танлашига туртки берган бўлса ажаб эмас. Таҳсилдан сўнг бўлғуси шифокор Бухоро вилоят болалар касалхонасига интернатурани ўташ учун келди. Бу ерда тажрибали ва ўз даврининг етук кадрлари бўлган устоз-шифокорлар қўл остида соҳанинг нозик сир-асрорларини ўрганди.

Кейинчалик қунт билан ўрганганлари фаолиятида асқотди. Ютуқлари устозлар ва раҳбарият назарига тушди. Шундан сўнг унинг раҳбарлик ва етакчилик қобилияти амалиётда ўзини намоён эта бошлади. Бухоро туман марказий касалхонасида болалар поликлиникаси мудири, касалхона бош педиатри, бош врач ўринбосари ҳамда (1997-2000 йиллар) касалхона бош врачи лавозимларида самарали меҳнат қилди. У раҳбарлик қилган кезлар туман тиббиёти анча ривожланди. Соҳанинг қатор йўналишлари ислоҳ қилинди. Кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида меҳнат қилаётган кўплаб тажрибали шифокорлар уни ўзларига устоз деб биладилар.

Маҳмуд Эргашевичнинг қуйи бўғиндаги тажрибаси вилоят марказига кўчди. Дастлаб вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси ташкилий-услубий маркази бошлиғи, Саломатлик ва тиббий статистика институти Бухоро филиали тиббий статистика бўлим мудири лавозимларида хизмат қилди. 2019 йилдан бошлаб Бошқарманинг даволаш – профилактика ёрдами ва тиббий статистикани ташкиллаштириш бўлимида бош мутахассис сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Ўлим ҳақ. У кўплар учун қадрли бўлган инсон – Маҳмуд Обидовни 67 ёшида орамиздан олиб кетди. Бунга унинг олис-олислардаги дўстларининг ишонмаганликлари ҳам бор гап. Аммо, кўҳна дунёнинг иши шу: келмоқликнинг бир кун кетмоқлиги бор!

Биз Маҳмуд Эргашевич Обидовнинг оила аъзоларига ва яқинларига шундай мусибатли кунларда Аллоҳдан сабр-бардош тилаган ҳолда ўз ҳамдардлигимизни билдириб қоламиз. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Жойингиз жаннатда бўлсин, Маҳмуд ака!

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси

 

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.