ТОРТИБ ОЛИНГАН БОЛАЛИК

Одам савдоси

O'zA - Odam savdosi: Jabrlanganlarning 80 foizi ayollar va bolalarОйнаи жаҳонда одам савдоси трансмиллий жиноятига оид лавҳани томоша қилаяпмиз. Қўққисдан бошланғич синфда ўқийдиган ўғлимнинг берган саволи бизни ўйлантириб қўйди.

-Дадажон, одам савдоси нима дегани?

-Ёмон одамлар бор, – дейди бувиси менинг ўрнимга жавобан. – Мана шулар сенга, менга ва дадангга ўхшаган одамларни ўғирлаб кетиб, сотади. Ёмон одамлар уларни сотиб олади.

-Ие, одамни ҳам сотса бўларканми? – дейди бола энсасини қашиб.

-Бўлади болам, бўлади. Бу нозик замонда ҳар нарса бўлиши мумкин…

Ўрта асрларга хос инсон боласини пуллаш ҳамда бунинг ортидан бойлик орттириш замонлар, жамиятлар, тузумлар ва қонунлар ўзгарган бўлишига қарамай илдиз отиб бораётганлиги, аслида, бугун жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун ҳушёрлик сигнали бўлиб хизмат қилмоғи даркор. Шундай кунлар келадики, баъзан тақдир отган тош сен кутмаган жойдан келиб тегади. Айнан сен кутмаганлигинг учун ҳам унинг етказган заҳмати аламли бўлади. Бу ерда назарда тутилгувчи тош – яқин инсонларнинг сенга етказгувчи заҳматлари! Озорлари! Алдовлари! Кўзларини чирт юмиб, сени тубсиз жарга итаришлари! Буни ҳаёт дейдилар…

Розия эри Нуралидан талоқ сўраганида ҳали қирққа ҳам кирмаганди. Ажралишга жўяли сабаб бўлмаса-да, аёлнинг на иссиққа-ю ва на совуққа кўника олувчи “ғаддор” табиати эр билан ҳар кун жанжал чиқаришга етарлича важ топа оларди. Эр остонада оёқ кийими ечар экан, уни бориб искар, “кўйлагингга ёпишган ҳид қайси сатангники”, дея томошанининг «дода»сини бошлар эди. Жилмайса “нега жилмаясан?”, хўмрайса унга ҳам гап топиб берарди. Судда ҳам ажрашиш сабабига арзирли жавоб топа олмаган Розия “бу эр билан яшасам, ўлиб қоламан, ажратинглар”, деб туриб олди. Нима эмиш – характерлари тўғри келмаганмиш! Яраштириш учун суд томонидан берилган муддатлар ҳам аёлнинг фикрини ўзгартира олмади. Ажаб табиатли хотинининг барча қилиқларига яккаю-ёлғиз қизи учун яшашга рози бўлиб келаётган эрнинг кўнишдан ўзга чораси қолмади.

-Жилақурса қизимни олай, Рози… – ялинди Нурали.

-Мана! – бармоқларини букиб, ҳақоратомуз ўқталди хотини. – Қизингниям шунчалар хор қилайки, аламдан бошларингни тошларга ургин!

Ота-онаси ажрашганида Дилфуза ҳали ёш эди. Алимент пулларига тараллабедод яшайман, деб ўйлаган Розия чучварани хом санаган экан. Харажатлар ортганидан ортар, эри борлигида ишламаган аёл энди ҳам меҳнатга бўйни ёр бермасди. У энди бир пайтлар ўз номига ҳужжатлаштириб олган эрига тегишли икки хонали уйнинг бир қисмига талабаларни ижарага қўйиб, кун кечира бошлади. Ҳа, ҳаёт бешафқат. Унда умргузаронлик қилмоқ осон эмас. Талабаларнинг берадиган арзимаган чой-чақаси, афсуски, унга урвоқ ҳам бўлмади.

Иттифоқо, автобусда келаётиб узоқ туманда яшайдиган Бакир исмли бир эркак билан танишиб қолди. Аввалига тез-тез қўнғироқлашиб туришди, кейинроқ у буларникида меҳмон бўладиган ва кечаси ётиб қоладиган бўлди.

-Мен сенга уйланмоқчиман. Мен ҳам, сен ҳам сўққабош. Қизинггаям ота керакку, – деди бир куни эркак. Шаръий никоҳ ўқилди-ю, аёл қизи билан Бакирникига кўчиб ўтди. У бизнес қилаяпман, катта пул керак, деб уйни сотишга ҳам кўндирди. Розия уйнинг пулларини қўшқўллаб бергани етмагандай, тағин, қишлоқда яшаётган онасидан ўлимликка деб асраб келаётган пулларни ва тилла тақинчоқларни ҳам иккинчи эрига нисор қилиб юборди. Нари борса бир йилгина яшаган оила таназзулга учради. Мақсадига осонгина эришган Бакир учун энди Розиядан ҳам, унинг қизидан ҳам наф йўқ эди. Эркак аёлнинг бошига нақадар дўзах азобини солдики, охир-оқибат унинг ўзи бу хонадонни тинчгина тарк этишга мажбур бўлди.

Розия кўчада қолганидагина алданганини, аслида биринчи турмушидан бекорга нолиб ажрашганини фаҳмлаб етди. Аммо, юрагининг четидаги ғайрлик ўз айбини кўришга имкон бермади. “Шу кунларга гирифтор бўлишимга Нурали айбдор”, дейишга тушди. Бир амаллаб шаҳарнинг эски шаҳар кўчаларидан арзон ижара уй топди. Шу атрофда кўп қаватли уй қуришни бошлаган қурувчиларга ошпазликка ёлланиб, кун кечира бошлади. Энди аёл қизини мактабдан олиб қолиб, уни ҳам пул ишлашга ундай бошлади. Ҳатто эски дугоналаридан воз кечиб, кафе-барларда ишлаб пул топадиган елкаси очиқ қизлар билан дўст тутинишга мажбурлади. Қиз онасининг айтганини қилишга маҳкум эди. Қилмаса, “отангга ўхшамай ўл, латтанинг боласи!” деган дашномларни эшитар, ҳатто баданлари кўкаргунча калтак ерди.

Дилфуза ошхона, кафе ва ресторанларда ишлаб, пул топди. Дугоналари каби ишдан ярим тунда қайтар, боз устига ичкилик ичиш-у, тамаки чекишга одатланиб қолганди. У энди упаларнинг “уйини куйдириб” бўянар, болдир-у сонлари кўздан яширина олмайдиган даражада калта-култа кийинарди. Негадир онаси бунинг учун уни тергамас, фақат, пулнинг чўғи пасайган кезлар тутақиб, жазавага тушарди. Дастурхон бошида еган таомини ҳам заҳарга айлантирарди.

Бир йил шу зайл ўтди. Беқарор табиат Розия тағин безовталана бошлади. Бу ҳаёт ҳам уни қаноатлантирмай қўйганди. “Ҳадемай бу қиз ҳам биттасини севдим, мени турмушга берасиз, деб туриб олади. Мен бўлсам, қирқдан ошдим. Қачон ўзим учун яшайман? Эрга лойиқ бўлмасидан фойдаланиб қолишим керак!”-деган хаёлга борди.

Гавҳар исмли дугонаси анчадан бери она-болани ўзи ишлаётган Москва шаҳрига чорлаётганди. Розияда қизининг орзу-ҳавасини кўриш, уни турмушга бериб тўйлар қилиш хаёли бўлмаган. Турли жойларда ишлашаркан, қизидан фақат даромад манбаи сифатида фойдаланиб келди. Қизнинг қўли ўзи ишлаб топган пулларни кўрмас, ўсмир боши билан эртадан кечгача тиним билмасди. Она эса кун, ой сайин кўпайиб бораётган жамғармасини ҳар-ҳар замонда санаб қўяр, Ватанга борганда бу пулларга нималар харид қилишини ўзича хом чўт қиларди. Миясига Дилфуза ҳақидаги ўйлар оралаганида лабини тишлаганча хунук жилмаяр ва аҳамиятсиз мавзудек қўл силкиб, тағин ўз юмушига андармон бўлиб кетарди.

Нонвойхонада ишлашарди. Қайсидир куни Розия “мазам йўқ” деб ишга бормади… Тун яримлаганида қизи уст-боши кир, ёқаси йиртилган ва бошяланг бир аҳволда уйга кириб келди. Ҳатто оёғидаги кроссовкаси ҳам қаерлардадир қолиб кетган!..

Қизнинг номусига тажовуз қилган бола қамалди-ю, Дилфуза ўн уч ёшида ундан бола туғди. Энди қизи ҳам, невараси ҳам Розияга чинакам бош оғриғига айланганди. Ўзбекистонда оиласи бор ўттиздан ошган бир эркакни кўндирди-да, қизини унга шаръан хотинликка берди. Эркак уни Россиянинг бошқа шаҳрига олиб кетди. Уларнинг турмушлари бир капалак умричалик кечди, десак муболаға бўлмас. “Эр” кўп ўтмай юртига жўнаб кетди, Дилфуза эса ундан қолган “ёдгорлик” билан кўчада қолди. Нажотни онамдан топаман, деб ўйлаганди. Охирги пулини сарфлаб онаси ишлаётган шаҳарга қайтиб борди, Розия бўлса уни кўриши ҳамоноқ эшикларини ёпиб олди.

Ўзи ҳам ҳали гўдак бўлган ўн олти ёшли Дилфуза катта шаҳарда қишнинг қировли ва изғиринли кунларида тентираб юрди. Ҳаммасидан ҳам кўра икки гўдагидан хавотир олар, совуқдан ўлиб қолмасин, деб худога илтижо қиларди. Эндигина жонига оро кирган бир қурилиш ташкилотининг раҳбари унинг йўриғига юрмагани учун Дилфузани сўнгги бошпанасидан ҳам маҳрум қилди. Уни яшаб юрган вагончадан ҳайдаб солди.

-Жинсий зўравонликка дучор бўлганлар фоҳиша бўладими? Нега ҳамманг аёл зотининг этагига ёпишаверасанлар? Совуқдан қақшаб ўлсам, ўламанки, асло сенга овунчоқ бўлмайман! – қиз фарёд чекиб бор аламини тўкиб солганди.

Дунёда яхши одамлар ҳам бор экан. Унга ёрдам қўлларини чўзишди. Улар ёрдамида Дилфуза элчихонага мурожаат қилди. На унда шахсини тасдиқловчи паспорти ва на фарзандларида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бор эди. Узоқ вақт сарсон-саргардонликдан чарчаган Дилфузанинг биргина орзуси бор эди – у ҳам бўлса, қандай бўлмасин она-Ватанга қайтиш!

Россия Федерациясидаги Ўзбекистон элчихонаси, Республика “Истиқболли авлод” маркази ва ҳуқуқ тартибот идоралари саъй-ҳаракати билан ўзга юртда орзулари дунёси чил-чил бўлган қиз ниҳоят Ватанга қайтарилди!

Синчалакдек бўйи билан ҳаётнинг оғир ва аччиқ имтиҳонига гирифтор бўлган Дилфуза, табиийки, бу синовга тайёр эмасди. У “кучим етса шифокор, жилақурса ҳамшира бўламан”, дерди. Бундай қисматга у ўлсаям рози бўлмаган бўлурди. Ҳали вояга етмай туриб норасидаларга оналик қилаётган Дилфузанинг ўзига гўдакдек муомала қилишади. Унга бошқалар сингари ҳурматини жойига қўйишларини, “сизлаб” гапиришларини истайди. Энг ёмони… Енгилтак аёлларга қарагандек унга тикилган ўткир нигоҳлардан бутун вужуди ўт бўлиб ёниб кетади!

Тайёрадан тушган ёш она терминал олдида чўк тушиб ҳўнграб йиғлаб юборди. Чунки у болалигини, ўсмирлигини ўзга юртларга ташлаб келганидан ўксиб-ўксиб йиғлаётганди. Аммо, ундан ихтиёрсиз равишда тортиб олинган болалик сари борадиган йўллар энди берк, атрофида келажак – икки гўдаги «нана-нана» деганча парвона бўларди. Ўзига қараб талпинаётган жужуқларни бағрига босаркан, қаддини ростлади:

-Она, барча кечмишларимга сизнинг нафсингиз ва масъулиятсизлигингиз сабабчи! Асло кечирмайман! Мен сизни судга бераман!

Ҳамзабек ТУРДИЕВ

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.