Алишер ШАДМАНОВ: “Вазирликда туркиялик маслаҳатчи ўз фаолиятини бошлайди”

Жорий йил 19-20 февраль кунлари мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига ташрифи доирасида кўплаб соҳалар қатори, тиббиёт йўналишида ҳам муҳим ва тарихий келишувларга эришилди.

Жумладан, туркиялик мутахассис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси лавозимига тайинланадиган бўлди. У тиббиёт тизимимизни ислоҳ қилиш, молиявий менежмент, тиббий суғурта, тизимда давлат хусусий шериклик, аутсорсинг ва рақамлаштиришни жорий этиш масалаларида фаолият олиб боради.

Бундан ташқари, тиббиёт фанини янада ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг нуфузли олий ўқув юрти билан ҳамкорликда халқаро факультет ташкил этилиб, 131 нафар талаба ўқишга қабул қилинган эди. Ҳозирда ҳам бундай қўшма таълим даргоҳларини кўпайтириш, ҳудудларда тиббиёт даражасини янада ошириш ва аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббий туризмни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Жумладан, кадрлар тайёрлаш бўйича Туркиянинг қатор нуфузли таълим муассасалари, масалан, Саломатлик билимлари университети, Медипол университети ҳамда яна бир йирик – “Баҳчишеҳир” (BAU) олий ўқув юртининг мамлакатимизда филиаллари ва клиникаларини ташкил этиш, улар билан кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қанча келишувларга эришилди.

Тиббиёт соҳасида биз учун яна бир муҳим йўналиш – аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида Туркиянинг “Кўчак фарм” ва “Поли фарм” компаниялари билан шартнома имзоланди. Келгусида ушбу компаниялар билан онкологик ва гематологик касалликларда муҳим бўлган дориларни юртимизда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюси орқали батафсил билиб олишингиз мумкин.

ssv telegram kanal

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.