Ўткир респиратор инфекциялар тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят штаби иш бошлади

*Каронавирус профилактикаси

“Коронавирус” инфекцияси қандай касаллик?Хитойда янги каронавирусдан вафот этганлар ва касалликка чалинганлар сони тобора ортиб бораётгани халқаро ҳамжамиятни бефарқ қолдирмаяпти. Экспертларнинг билдиришича, Хитойнинг барча провинцияларида каронавирус тарқалиб улгурган. Шунингдек, қатор давлатлар, Россия Федерацияси ҳам ушбу давлат билан чегара кесишган жойлардаги ўтказиш пунктларидан фуқароларнинг ўтишини чеклади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти глобал пандениянинг олдини олиш мумкинлигини, бироқ бунга вақт кам қолаётганини маълум қилган. Хориж ОАВ хабар беришича, Женевада ЖССТнинг каронавирус масаласига бағишланган форуми иш бошлади. Унда тўрт юзга яқин экспертлар иштирок этмоқда. Айнан ушбу анжуманда янги вирусга “COVID-19” номи берилди.

Ҳозирда COVID-19 каронавирусига қарши вакцина  ва дори ишлаб чиқиш устида бир неча мамлакатда жадаллик билан изланишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Буюк Биританияда олимлар вакцинани ҳайвонларда синаб кўришни бошладилар. Россия расмийларининг маълумотига кўра, бу ерда ҳам хавфли касалликни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган ва каронавирусга қарши вакцина яратиш учун асосий тайёрлов моддалари мавжуд.

Ўзбекистонда ҳам мазкур вируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш бўйича қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикасига каронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги (Ф-5537-сон) фармойиши қабул қилинди. Шу асосда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши чиқди. Ушбу меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Короновирус, мавсумий грипп ва ўткир респиратор инфекциялар кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоят штаби ташкил этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 1 февралда бўлиб ўтган селектор йиғилиши топшириқларига асосан вилоятимиз ҳудудига Хитой Республикасидан келган 123 нафар фуқароларнинг барчаси (шаҳар ва туманлар кесимида) назоратга олинган. Ҳар бирининг хонадонига бориб ўрганилмоқда ва улар билан тизимли ишлаш ишлари талаб даражасида ташкил этилмоқда.

Хитой Республикасидан келганига ўн тўрт кундан ошган фуқаролар 83 нафарни ташкил этади. Ўрганиш натижасида 94 нафар фуқаролар яшаш манзилларига етиб келганлиги, 22 нафарининг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида яшаётганлиги ва манзили аниқланди. 7 нафар фуқаронинг манзили аниқланмаган, уларнинг 4 нафари Бухоро шаҳридан, 3 нафари Қоракўл туманидан. Юқорида тилга олганимиз, яъни яшаш манзилларига етиб келган 94 нафар фуқаронинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, ўз уйларида тегишли тартибда назоратга олинди. Уларнинг ҳар бирига ва оила аъзоларига бириктирилган патронаж ҳамширалари ва ҳудуд шифокорлари белгиланган тартибда тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Уларга ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш буюрилган. Ушбу фуқароларга бир кунда икки марта патронаж хизмати кўрсатилиб, тана ҳарорати назорат қилинмоқда. Аҳамиятли жаҳати шундаки, бугунги кунга қадар ушбу фуқароларнинг биронтасида касаллик белгилари аниқланмади. Касаллик аниқланганда тезкор маълумот бериш механизми ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот чегара пости ва Бухоро Халқаро аэропортида вилоятга кириб келаётган фуқароларни тиббий текширувдан ўтказиш мақсадида масъул врачлардан иборат тиббий пунктлар ташкил этилган ва керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Аҳоли орасида жамоат жойларида, таълим муассасаларида ва барча корхона-ташкилотларда фуқароларга ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда. Ўткир респиратор касалликлар, жумладан, каронавирус инфекцияси ва уларнинг профилактикаси тўғрисида вилоят телевидениеси орқали 4 та, “Истиқлол” телеканали  2 та ва вилоят радиосида етакчи мутахассисларнинг чиқишлари ташкил этилди. Шунингдек, вилоят ва туманлар газеталарида “Ўткир респиратор вирусли инфекциялар профилактикаси” мавзусида мунтазам равишда мақолалар бериб борилмоқда. “Антикаронавирус гуруҳи” вилоят телеграмм канали ташкил этилиб, ҳудудлардаги ҳолат тўлиқ назоратга олинган. Вазирлик томонидан юборилган электрон методик қўлланмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тизим ходимларига тарқатилмоқда.

Вилоятдаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ва вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига касаллик аниқланиши билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкил этилган штабга зудлик билан хабар бериш, Хитойдан келган фуқаролар ҳолати тўғрисида ҳар куни икки марта (эрталаб ва кечқурун) маълумот бериб бориш ва дори-дармонлар захирасини шакллантириш вазифалари топширилган.

Шунингдек, барча туманларнинг юқумли касалликлар бўлимида 1 тадан махсус бокслар, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 4 та махсус бокс захира сифатида ташкил этилди. Бухоро шаҳрида 3 та, шаҳар ва туманларда 1 тадан зарур мутахассислардан иборат тезкор бригадалар шакллантирилган. Махсус реанимобиллар бириктирилган. Ҳимоя воситалари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Хитой Республикасидан келган фуқароларнинг яшаш манзилларида тиббий назорат ишлари давом эттирилмоқда.

Илҳом НАРЗИЕВ,

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.