ОИЛАДА АЁЛ ҲУҚУҚИ

Оилада соғлом фарзанд туғилиши учун аввало уни дунёга келтирувчи она ва ота жисмонан ва ақлан соғлом бўлиши, болани дунёга келтириш ва вояга етказишга ҳар томонлама тайёр бўлиши талаб этилади. Оила йигит ва қизнинг ўзаро ишончи ва ҳамжиҳатлиги асосида қурилади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига асосан никоҳни қайд этиш муддати ариза берилган кундан кейин 1 ой этиб белгиланганлиги бежиз эмаски, мустақил ҳаётга қадам қўйишдан олдин ҳар бир келин-куёв бир-бирининг табиати, дунёқараши, оилавий аҳволи ва соғлиғи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.

Оила кодексига мувофиқ Ўзбекистонда никоҳ ёши аёллар учун 17 ёш, эркаклар учун 18 ёш этиб белгиланган. Мазкур никоҳ ёши туман, шаҳар ҳокимларининг қарори билан узрли сабабларга кўра кўпи билан 1 йилга қисқартирилиши мумкин. Республикамизда никоҳ ёшининг бундай белгиланишига ҳам ҳуқуқий, ҳам тиббий сабаблар асос қилиб олинганлигига сабаб, айнан шу ёшда шахс оила қуриш, соғлом авлодни дунёга келтиришга, уни вояга етказишга салоҳияти етарли бўлади. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексига асосан 18 ёшда фуқаро тўла муомала лаёқатига эга бўлиб, вояга етган шахс ҳисобланади.

Республикамиз аҳолисининг 56,2 фоизини аёллар ташкил этади. Аҳолининг айнан мана шу қатламлари алоҳида ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлиб, жамиятимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш фуқароларнинг, айниқса хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, болаларимизни ҳар жиҳатдан етук тарбиялашни тақозо этади.

Никоҳ ёшига етмаган ҳолда оила қурган қизларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясига хизмат қилувчи никоҳ гувоҳномасининг мавжуд эмаслиги амалиётда жуда кўплаб муаммоларни ҳам келтириб чиқарадики, катта-катта орзу-ҳаваслар билан оила қурган ёш оила арзимас муаммоларга учрагандан кейин бузилиб кетган ҳолларда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ёки фарзандларнинг таъминоти, уй-жой, мол-мулк ва бошқа муаммолар туғилади.

Никоҳ ёшига етмаган қиз билан оила қуриш бошқа салбий ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 49-моддасига асосан никоҳ ёшига риоя қилинмаган ҳолда тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддасига кщра шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш ҳам жиноят ҳисобланиб, бундай қилмишни содир этган шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Оилада ҳуқуқий саводхонликни оширишда эса ўзига хос тарғибот усулларидан фойдаланиш зарур. Чунки айнан оилаларда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар, келишмовчиликлар, муаммолар, низолар келиб чиқаётганлиги оила аъзоларининг нафақат ҳуқуқий саводсизлигидан, балки маънавиятсизлигидан, фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаслигидан ёки масъулиятни ҳис этмаслигидан далолат беради.

Қонун устуворлигини таъминлашда оиланинг ҳар бир аъзосини қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, ҳар бир шахсда қонунга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш жоиз.

Фируза ҲАКИМОВА,

Бухоро туман ФҲДЁ бўлими мудираси. 

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.