Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ўзбекистонда Янги йилнинг биринчи куни қанча чақалоқ туғилгани маълум бўлди

Илгари хабар берганимиздек, 2020 йилнинг 1 январь куни, соат 18 00 ҳолатига кўра, мамлакатимизда 1111 нафар чақалоқ туғилган эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, янги йилнинг илк куни давомида 1974 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу сўнгги уч йилдаги энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Чунки, 2018 йилнинг худди шу куни бу борадаги кўрсаткич 1961 нафар, 2019 йилнинг 1 январь куни эса 1708 нафарни ташкил этган эди.

2020 йилнинг 1 январь куни туғилган чақалоқларнинг 970 нафари қиз, 1004 нафари эса ўғил бола бўлиб, энг кўп бола Самарқанд вилоятида (235 нафар), иккинчи ўринда Андижон вилояти (212 нафар) ва учинчи ўринда эса Фарғона вилояти (196 нафар)да туғилди. Шунингдек, янги туғилган чақалоқлар рейтингининг сўнгги ўринларидан Навоий вилояти 46 нафар, Сирдарё вилояти 51 нафар ва Жиззах вилояти 75 нафар кўрсаткич билан жой олишди. Дунёга келган чақалоқларнинг 10 нафарини эгизаклар ташкил қилади.

Юртимизда шу кунлари байрам муносабати билан давом этаётган дам олиш кунларида юртимиздаги мавжуд 218 та туғруқ комплексида 2593 нафар тиббиёт ходимлари, жумладан, 389 нафар акушер гинеколог, 276 нафар неонатолог, 1928 нафар доя ва ҳамширалар туну кун фаолият кўрсатишмоқда.

Шуни ҳам айти керакки, охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларимиздаги болалар даволаш муассасаларида олдинлари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби кўплаб янги бўлимлар ташкил этилиб, энг қийин амалиётлар вилоятларнинг ўзида муваффақиятли ўтказилмоқда.

Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида мутахассисларимизнинг ҳам малакасини ошириш орқали энг кам вазнли, ҳатто 500 граммлик гўдакларни ҳам парвариш ва реабилитация қилиш самарали амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

Manba minzdrav.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.