МЕМОРАНДУМ   ИМЗОЛАНДИ

Жанубий Корея ва Ўзбекистонннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари куни кеча Бухорода очилган “Бухоро-Ҳимчан” хорижий клиникаси мисолидаги ёрқин акс этди. Аммо бу ҳамкорлик биргина шу воқеа билан чекланиб қолмайди, албатта. 26 ноябрь куни юқорида тилга олинган клиника биносида Кореядаги Пусан Миллий университети тиббиёт клиникаси ва Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида яна бир меморандум имзоланди.

Ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ушбу “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув” аҳдномаси Бухоро вилояти ССБ билан Пусан МУ клиникаси ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали иккала мамлакатнинг соғлиқни сақлаш борасидаги ҳаракатларини якдил ривожлантиришга қаратилган. Бунда тииббиёт мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш,  даволаш ишларини ташкил этиш, иккала мамлакат имиджини кўтариш лойиҳасини амалга ошириш, илғор тиббий технологиялар ва ахборотларни ўзаро алмашиш каби вазифалар кўзда тутилган.

Меморандумни имзолаш маросимида иккала тараф вакиллари ҳам ўз мақсад ва ниятларини, таклиф ва талабларини очиқ муҳокама этдилар. Бухоро вилояти томонидан соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И. Нарзиев мутахассислар ва беморларни Кореяга юбориш таклифини қўллаган ҳолда бундай сафарларнинг иқтисодий томондан қандай ҳал этилиши, халқимизнинг моддий шароити буни қанчалик даражада кўтара олиши ҳақида ҳам ўйлаб кўришга хорижий ҳамкорлар эътиборини қаратди. “Биз кореялик врачлар хорижда эмас, Бухорога келиб беморларимизни даволашларидан кўпроқ манфаатдормиз”, – деди у ўз сўзида.

Корея томони ҳам ушбу таклифлар албатта инобатга олинишига ваъда бериб, келгусидаги ҳамкорликнинг икки томонлама мақбул ва манфаатли бўлишига ишонч билдирди.

Мулоҳазалар ўзаро инобатга олиши назарда тутилган ҳолда Пусан МУ клиникаси  томонидан  жаноб Ли Жеонг Зу, Бухоро вилоят ССБ томонидан И. Нарзиев мерорандумни имзоладилар.

Вилоят ССБ Ахборот хизмати.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.