Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги илк клиникаси очилди

25 ноябрь куни Бухорода Жанубий Кореянинг “Himchan hospital” клиникаси филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистонда ҳозирча ягона бўлган бу хорижий тиббиёт марказининг очилишида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов, Бухоро вилояти ҳокими – Олий Мажлис Сенати аъзоси  Ў. Барноев, Жанубий Кореядаги мазкур компания президенти Пак хоним, Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И. Нарзиев, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори А. Иноятов ва бошқа расмий кишилар иштирок этдилар.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида турли соҳалар  турли соҳалар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизими бўйича ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш билан боғлиқ кўплаб шартномалар имзланган эди.  Шундан кейин, 2018 йил март ойида Бухоро вилоят ҳокими Ў. Барноев бошлиқ делегация Жанубий Корея давлатида бўлиб қайтди. Мазкур сафардан кўзланган мақсад икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, вилоятимизга ушбу мамлакатнинг инвестицияларини самарали жалб этишдан иборат бўлди.  Айниқса, икки ўртада имзоланган меморандумга кўра соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи лойиҳалар борасидаги келишув янаям аҳамиятли бўлди. Улардан бири шаҳримиз марказида Кореядаги етакчи клиникалардан бири “Himchan hospital”нинг филиалини очиш эди.

Ўз ўрнида кореялик мутаассислар ҳам жорий йил аввалида вилоятимизга ташриф буюриб,  “Himchan hospital” клиникаси филиалининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Бухоро тиббиёт институти билан келгусидаги ҳамкорлиги масалаларини ўзаро муҳокама қилган эдилар. Клиникада фаолият олиб борадиган кореялик мутахассислар бундан буён институт кафедралари билан узвий алоқада бўлиб, ўз йўналишлари бўйича бевосита амалий машғулотлар олиб бориш ва маърузалар ўқишни йўлга қўядилар. Келишувга биноан филиал базасида мутахассисларнинг малака ошириш маркази иш бошлайди ва унда шифокорлар травматология, ортопедия ва нейрохирургия йўналишлари бўйича тайёргарликдан ўтадилар.

Юқорида номи тилга олинган госпитал дунёдаги ихтисослаштирилган етакчи ортопедик клиникалар томонидан тан олинган. Госпитал шифокорлари беморларнинг касалликдан тезроқ фориғ бўлишлари ва соғлом ҳаётга қайтишлари йўлида самарали натижаларга эришиб келаётганликлари, уларнинг соҳа ривожи йўлида амалга оширган қирқдан ортиқ тадқиқотлари халқаро доирадаги мутахассислар томонидан эътироф этиб келинмоқда. Ҳар куни 200 дан ортиқ жарроҳлик амалиётларининг бажарилаётганлиги, янги ва замонавий технологиялар самарали ўзлаштирилиб амалда қўлланилаётганлиги бутун дунёда Корея тиббиёти мавқеини оширишга хизмат қилмоқда. Жанубий Кореянинг ўзида унинг 8 та клиникаси бўлиб, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам унинг филиали бор. Эндиликда шундай филиал Сахалин шаҳрида (Россия) ва вилоятимизда ҳам иш бошлайдиган бўлди.

Янги хорижий клиника учун Бухоро тиббиёт техникуми қаршисидаги собиқ Банк коллежи биноси ажратилди. Ўтган қисқа вақт ичида “Himchan” МЧЖ хорижий корхонаси (раҳбари Шин Жон Хо) учун берилган иншоот қайта реконструкция қилиниб, талаб этиладиган тиббий жиҳоз ва аппаратлар билан таъминланди. Барча тиббий аппаратлар хориждан келтирилди ва бу ерда тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти ҳам Корея методи асосида ташкил этилмоқда. Бухоро шаҳридаги шифохонани барпо этиш учун хорижий инвесторлар томонидан 7,1 миллоион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Клиника фаолиятини йўлга қўйиш жараёнидаги тайёргарликлар давомида бу ерда ишлаш учун танлаб олинган маҳаллий шифокор ҳамда ҳамширалар малакасини ошириш мақсадида (май ҳамда июнь ойларида) Кореяга юборилдилар. Улар Сеул шаҳридаги “Himchan hospital”да ва унинг бошқа клиникаларида бўлиб, у ердаги ҳамкасбларининг иш фаолияти билан яқиндан танишгандилар.

Бундан ташқари,  Корея госпитали билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларни даволаш ва реабилитация қилиш масалалари ҳам назарда тутилган. Шунга кўра, жорий йилнинг 30 июнь куни Бухоро вилоятидан 7 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар даволаниш учун Жанубий Корея давлатига жўнаб кетди ва у ерда уларга эндопротез қўйиш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Беморларнинг хорижга бориб-келиш харажатлари  ташкилотчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилди.

“Himchan” клиникасида асосан ортопедия, травматология (тос-сон суяги бўғимини, тизза бўғимини эндопротезлаш), нейрохирургия (умуртқа поғонаси чурраси, вертобластика оддий хирургия йўналишидаги беморлар жарроҳлик йўли  билан даволанади. Шунингдек қўшимча неврология, терапиянинг икки йўналиши, яъни кардиология ва эндокринология йўналишлари бўйича ҳам беморлар шифо топади.

Касалхонада учта жарроҳлик (ортопедик, лапароскопик, нейрохирургик) хонаси мавжуд бўлиб, ҳар бир хона ўтказиладиган амалиётига қараб алоҳида Корея услубида жиҳозланган. Шунингдек, бу ерда тиббиётнинг сўнгги, замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда диагностиканинг эндоскопия, лаборатория ва радиология йўналишларида ташхис қўйиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

-Беморнинг жарроҳлик амалиётидан кейин, – дейди биз билан суҳбатда клиника бош шифокори Со Джонг Пил, – асоратларсиз оёққа туриб кетиши клиника шифокорлари олдидаги устувор вазифа саналади. Биз операциядан кейинги реабилитацияга ҳам  эътибор қаратамиз. Корея давлати тиббиётидаги ўзига хос жиҳат ҳам шунда деб ўйлайман. Бухородаги “Химчан” касалхонасида ана шу мақсадда физиотерапия бўлими фаолияти йўлга қўйилди ва у  энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг беморларнинг тез фурсатларда тузалиб кетиши учун малакали мутахассислар бор имкониятларини ишга соладилар.

Хориж усулида техник жиҳозланган касалхона 90 шифо ўрнига мўлжалланган. Унда юздан ортиқ тиббиёт ходими беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатади. Беморларга ҳар жиҳатдан қулайлик яратиш мақсадида Корея давлатидаги малакали мутахассислардан тўғридан-тўғри маслаҳат олишлари учун онлайн консультация тизими йўлга қўйилди.

Касалхонада вилоятимиздаги тажрибали ортопед-травматолог, нейрохирург, невролог, жарроҳ, терапевт, кардиолог, эндокринолог, радиолог, эндоскопист, анестезиолог, врач лаборант каби мутахассислар хорижда орттирган малакалари асосида иш бошлаётирлар. Шу билан бир қаторда, бу ерда  кореялик малакали реаниматолог ва хирурглар ҳам маҳаллий шифокорларга елкадош бўладилар. Бухоро “Химчан”ида кореялик мутахассисларидан барча беморлар тўғридан-тўғри маслаҳат олишлари учун қулайлик яратиш мақсадида Кореядаги “Himchan hospital” клиникаси билан онлайн консультация йўлга қўйилган. Касалхонада палаталар Жанубий Корея усулида жиҳозланган бўлиб, 90 та шифо ўринга мўлжалланган. Беморларга 100дан ортиқ тиббиёт ходимлари малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатади.

Бўлимлар фаолияти билан танишиш жараёнида шифокорлар – Юн Кёнг Док (радиология), Квак Ки Ён (лаборатория), Чон Ын Ха ҳамда Баэ Те Хун (физиотерапия) у ердаги иш тартиби, беморларни даволашдаги самарали усуллар ва замонавий аппаратларнинг илгаригисидан афзалликлари ҳақида қизиқарли маълумотларни бердилар.

Клиникага мурожаат қилувчи ҳар бир мижозга унинг муаммосини тинглаб, керакли маслаҳатларни бера оладиган мутахассислар жалб этилади. Мутахассис эса қабулга келган беморга унинг учун мос ва қулай бўлган даволаниш усулларини таклиф этади. Фақат зарур ҳоллардагина беморга жарроҳлик амалиёти тавсия қилинади: бунда эса унинг ёши, жинси, касаллик даражаси ва бошқа омилларга катта эътибор қаратилади. Ўзбекзабон ходимлар эса ушбу жараёнларда беморларга ҳамроҳлик қиладилар, ҳар бир муолажа босқичини назорат қилиб, уларга тушунча бериб борадилар. Бу борада шифокорлар ҳам, ҳамширалар ҳам керакли малакага эгадирлар. Суяк ва бўғим хасталигининг оғир даражалари билан оғриган беморларни эндиликда ўзимизда даволашнинг имкони юзага келаётганлиги  –  халқимиз учун катта имкониятлар эшигини очиб бериши шубҳасиз.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси

Ахборот хизмати.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.