Хусусий тиббиёт янада ривожланади

 Бугун эрталаб Бухоро шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида “Хусусий тиббиётни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш тизимининг раҳбар ходимлари, шу тизимда давлат-хусусий шериклик асосида ишлаётган тадбиркорлар, сармоядорлар,  хусусий клиникалар бошқарувчилари, банк ва молия-кредит тизими ходимлари иштирок этдилар. 

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Қаюмович Шадманов очиб берди ва республикада хусусий тиббиётни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди. Йиғилганлар эътиборига мазкур соҳада иш юритиш бўйича чиқарилган Президент ва ҳукумат қарорлари, бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида тайёрланган йўриқнома тарзидаги слайд  маълумотлари ҳавола этилди. Айни пайтда мамлакатимизда тиббиётнинг деярли барча йўналишлари (фақат ўта юқумли ва юқумли касалликлардан ташқари) бўйича хусусий муассасалар очилишига рухсат берилганлиги, шифокорларга катта имкониятлар эшиги очилаётганлиги қайд этиб ўтилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Ўктам Исоевич Барноев сўзга чиқди ва вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида жуда катта ишлар амалга оширилаётганини, жумладан, шу йилнинг ўзида 3,5 триллион сўм маблағ хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилганини (шунинг 95 фоизи инвесторлар томонидан киритилган) мамнуният билан таъкидлади. Бухоро шаҳрида очилаётган Жанубий Кореянинг “Himchan hospital” клиникаси филиалига хорижий инвесторнинг ўзи 7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган. Маълумот учун: бугун соат 16. 00 да “Himchan hospital” хорижий клиникасининг очилиш маросими Бухородаги мазкур шифохона биносида бўлиб ўтади.

Соғлиқни сақлаш вазири ва вилоят ҳокими йиғилганларнинг хусусий тиббиётни йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасидаги айрим муаммолар тўғрисидаги саволларига жавоб  қайтардилар.

                                                      Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.