ШИФОКОРЛАР ШАРАФЛАНДИ

2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” қонунга мувофиқ мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами куни сифатида ҳар йили тантанали нишонланиб келинади. Шу муносабат билан бугун, 9 ноябрь куни Бухоро шаҳридаги “Ширбудин” тантаналар саройи вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббий ходимлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик билан гавжум бўлди. Улар иштирокида бу ерда Тиббиёт ходимлари куни нишонланди.

Байрам тадбирида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев иштирок этди ва тиббиёт соҳаси ходимларини байрам билан қутлади.

Таъкидланганидек, тизимда юритилаётган ислоҳотлар натижасида халқ саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодларни тарбиялаш, тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичларга кўтариш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, даволаш муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Буларнинг самарасини шаҳар ва туманларимизда, олис ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 30 та стационар, 186 та амбулатория-поликлиника муассасалари, шу жумладан, тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида ташкил этилган 70 та қишлоқ оилавий поликлиникалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар мисолида кўришимиз мумкин.

Муҳтарам Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида биргина жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастури асосида 26 та даволаш муассасаларида 50 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобига янги қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Обод маҳалла” дастури бўйича 9,3 млрд сўмлик, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан вилоят кўз касалликлари шифохонаси учун 5,2 млрд сўм, вилоят тиббий диагностика маркази учун
4,4 млрд сўм, “Обод қишлоқ” дастурига қўшимча равишда 8,2 млрд сўм, умумий ҳисобда 17,7 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

2019 йилнинг ўтган даври давомида 38 та хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 419 тага етди.

Эътиборлиси, бу каби ижобий ўзгаришлар халқнинг турмуш шароитини яхшилашга, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилишга, бугуннинг кечагидан, эртанги кунимизнинг бугунгидан яхшироқ бўлишига мустаҳкам асос яратмоқда.

Замон талабларига тўла жавоб берадиган, ривожланган мамлакатларнинг энг сўнгги технологиялари билан жиҳозланган даволаш-профилактика муассасаларида бугунги кунда 5 минг нафардан ортиқ шифокорлар ва 23 мингга яқин ўрта бўғин тиббиёт ходимлари куни-тун халқимизга тиббий хизмат кўрсатяпти.

Яна бир муҳим жиҳат, соҳа вакилларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил
7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари босқичма-босқич оширилиши ана шу эътибор самарасидир.

Соҳа тубдан ислоҳ қилинаётгани баробарида қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, вилоятдаги тиббиёт марказларида кардиохирургия, нейроонкология ва реконструктив хирургия, фтизиохирургия, дерматовенерология, шошилинч ёрдам ва педиатрия соҳаларида нафақат вилоятда, балки Республикада илк маротаба 110 турдан ортиқ аввалдан бажарилмаган юқори технологияли муолажалар ва оператив амалиётлар бажарилди.

Тадбир давомида аҳоли соғлиғини сақлаш борасида фидокорлик кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят ҳокимлигининг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов томонидан ижро этилган Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достонидаги “Жаҳолат ҳақида ривоят” монологи йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

Шифо аҳлини Бухоро санъаткорлари ўз қўшиқ ва куйлари, рақслари билан муборакбод этдилар. “Санъат” гуруҳи, хонандалар Эркин Исмоилов, Илҳом Исмоилов, Жамшид Ниёзов,  “Бухоро гўзаллари” рақс ансамбли аъзоларининг чиқишлари йиғилганларга жўшқин кайфият ва завқ бағишлади.

Manba buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.