ОДАМЛАРГА ЯҚИНЛАШАЁТГАН ТИББИЁТ:

Фуқароларнинг соҳага бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда

Саноат шаҳри сифатида тилга олинадиган Қоровулбозорни ададсиз қумлик бағрида очилган банафшага ўхшатиш мумкин. Тўғри, бинафша чўлда эмас, аслида тоғда ўсади. Аммо, инсон матонатини синайдиган, кези келганда тоғдай иродаларни эга олишга қодир бепоён саҳро юрагида гулистон пайдо бўлиб, кундан-кунга обод манзилга айланиб бораётганлиги – ана шундай қиёсга, эътирофга муносиб дейиш мумкин. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” давлат дастурларининг самарали ижроси натижасида эндиликда туманнинг инфратузилмаси тубдан ўзгармоқда. Энг олис қишлоқлар ҳам чирой очиб, уларда яшаётган одамлар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бу ислоҳотлар шабадаси, табиийки, туман тиббиёт бирлашмасини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Яқин ўтмишда одамлар саломатлигида муаммолар сезса даволаниш учун бир неча чақирим йўл босиб бўлса-да вилоят марказига боришни лозим кўрарди. Бу эса фуқароларнинг ўша пайтда тиббиётга бўлган ишончи қай даражада бўлганлигини ифодалайди. Медицинага қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, бугун тизимнинг барча йўналишиларида ислоҳотлар бўй кўрсатди. Ҳатто, ўзаро рақобатни ошириш орқали тизимни энг илғор поғоналарга олиб чиқиш, нафақат давлат, балки хусусий тиббий секторлар фаолиятини жонлантириш, энг қуйи бўғин ҳисобланган қишлоқ врачлик пунктларида ҳам марказдагидан қолишмайдиган шарт-шароитларнинг яратилиши, тез тиббий ёрдам бригадаларининг оператив фаолиятини йўлга қўйиш кутилган самарани берди, дейиш ўринлидир. Адолат мезонларига таяниб муқояса қиладиган бўлсак, биз тизимда кечагидан кўра сезиларли ўзгаришлар ва ютуқлар қўлга киритилаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Туманнинг 20 400 нафарга яқин аҳолисига тиббиёт бирлашма тасарруфидаги олти даволаш муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Булар – 225 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, саксон ўринли марказий касалхона ҳамда эллик қатновли қишлоқ врачлик пункларидир.

Бирлашмада (раҳбари Илҳом Бозоров) 50 нафарга яқин врач фаолият олиб боради,  шундан 5 нафари ҚВПларда меҳнат қилмоқда. Врачларнинг  7 таси олий, 2 таси биринчи тоифали, 4 нафари 2-тоифали. 300 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари шифокорларга қўл-қонот. Уларнинг 54 нафари олий, 23 нафари биринчи,  42 нафари иккинчи тоифага эга ҳамширалардир. Болалар ўлими ўтган давр мобайнида кескин камайган бўлса-да, тиббиёт ходимлари бундай нохуш статистиканинг вужудга келмаслиги йўлида бор имкониятларини ишга солмоқдалар.

Туман марказий касалхонаси  икки қаватли бўлиб, унинг биринчи қаватида қабулхона, рентген, УЗИ, лабаратория, тиббий статистика, стерилизация, тиббий-ижтимоий бўлим, қон банки, маъмурият, дорихона хамда болалар бўлими жойлашган. Иккинчи қаватида эса Шошилинч тиббий ёрдам бўлими, туғруқ комплекси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Бирлашманинг эски касалхона ҳудудида кирхона, ошхона, ички касалликлар, юқумли касалликлар, туман марказий поликлиникасининг фтизиатрия, рентген – флюра хоналари ҳамда Саломатлик марказлари жойлашган.

Кўп тармоқли марказий поликлиникаси 12072 нафар ахолига тиббий хизмат кўрсатади. Туманда (жорий йилнинг 30 октябригача бўлган ҳолат) 5796 нафар туғруқ ёшидаги аёллар мавжуд бўлиб, шулардан 324 нафари ҳомиладорлик билан рўйхатга олинган. Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига ўтган аёллар 260 нафардан ортиқни ва туғруқлар сони 248 нафарни ташкил этмоқда. Тарғибот-ташвиқот ишларининг самараси ўлароқ, сўнгги пайтларда перенатал ўлимлар кузатилмади. Уч юздан ортиқ аёллар ВМС, 194 нафари ОК, ўнтаси ИК, яна шунча нафари ИЖК контрацептив воситалари билан таъминланган. Туғруқ комплексида шу давр ичида 130 ортиқ чақалоқ дунёга келган ва уларнинг барчаси “К” витаминига  қамралган.

Туман марказий касалхонаси учун жорий йилнинг учинчи чораги давомида 57748763 сўм маблағга дори-дармон, 35119754 сўмга тиббий буюм, 18042000 сўм маблағга реактивлар сотиб олинган. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Бўзачи” ҚВПга 840750 сўмга дори-дармон, 275450 сўмлик тиббий буюмлар олиб берилган. “Дўстлик”, “Жарқоқ”  ҳамда “Янги-ҳаёт” қишлоқ врачлик пунктларига ҳам ана шундай мақсадлар учун тегишлича маблағлар ажратилган ва улар мақсадли ишлатилган. Бирлашма тез ёрдам бўлимига йил бошида алкоголли мастликни аниқловчи (24 млн 350 минг сўмлик) “МЕТА” анализатори олиб берилди. Ушбу аппаратни ишлатиш учун бирлашманинг беш нафар шифокори вилоят наркология диспансерида малака ошириб, сертификатга эга бўлди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида туман марказий касалхонасига (29 500 АҚШ долларилик) “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида скрининг УЗИ аппарати келтирилди. Мазкур аппарат билан ҳозирги кунда ҳомиладор аёллар юз фоиз скрининг текширувидан ўтказилмоқда. Марказий касалхонанинг реанимация хоналари учун 47 млн сўмга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Дефибриллятор аппарати олинди.Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳам “Саломатлик-3” дастури асосида Калпоскоп ва бошқа тиббий жамланмалар билан таъминланди. Туман тиббиёт бирлашмасининг эски касалхона ҳудудида жойлашган ички касалликлар бўлимида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 200 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Фтизиатрия ва Рентген-Флюра хоналарининг иситиш тизимини тўлиқ янгилаш мақсадида алоҳида ихчам қозонхона ўрнатиш каби ишлар учун жами  139 185 500 сўм бюджет маблағлари сарф қилинди. Туман марказий касалхонасининг Шошилинч тиббий ёрдам бўлимидаги жарроҳлик столи маънан эскирганлигини инобатга олиб, янги жарроҳлик столи сотиб олинди.

Бундан ташқари туман марказий касалхонасининг туғруқ комплекси ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари БНҚИЗ хомийлигида жорий таъмирдан чиқарилди. 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида туман тиббиёт бирлашмасида қурилиш таъмирлаш ишлари, реконструкция, жорий ва капитал таъмирлаш хамда эски касалхона худуди девор билан ўраш ишлари давом этмоқда. Таъмирлаш ишлари давом этмоқда.  Ички касалликлар бўлимининг фасад қисми ҳомийлик асосида 300 млн сўм маблағ хисобидан таъмирланмоқда.

 “Саломатлик-3” дастури асосида янги туғилган чақалоқлар учун Неотерм аппарати, 5 дона катталар ва 4 дона болалар учун Амбу қопчаси, 30 дона тиббий латоклар,  4 дона аспираторлар,  туман марказий поликлиникаси учун Фетальный доплер, дори шкафи, туғруқ комплексига болалар парвариши учун Кювез аппарати ва бошқа жиҳоз ҳамда анжомлар олиб берилди. Ушбу дастур асосида тўртта мавжуд ҚВПга ҳам зарур аппарат ва тиббий анжомлар етказилган.

Хусусий тиббиёт хизмати соҳасини янада ривожлантириш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, туманда ички касалликлари бор бўлган беморларга мўлжалланган клиника қурилиши бошлаб юборилган.  Клиника 2020 йилда ўз фаолиятини бошлайди.

Туманда онкологик тиббий хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиснинг йўқлиги сабабли ҳар ойда вилоят касалхоналаридан онколог чақирилади.   Ўтган тўққиз ой давомида аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида  2519 та  цитологияга ва 2728 нафар аёлдан суртма(мазок)  олиб текширилган. 3748 та аҳоли флюра текширувидан, 1324 та аёллар УЗИ текширувидан ўтказилган. Онкологияда  йил бошида 65 та бемор “Д” назоратида турган. Охирги 3 ой мобайнида 9 нафар бемор ҳисобга олинган. Ҳар ойда вилоят онкология диспансеридан  мутахассис Б.Латипов бошчилигида тиббий кўрик ташкил этилади. Туманда мавжуд аёллар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони каби онкологик касалликлар билан касалланганларни доимий назоратини олиб бориш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума куни вилоят онкология диспансеридан мутахассиснинг келиб бир кун беморларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиши йўлга қўйилди. Уларга керак бўладиган зарурий онкологик дори воситалари билан бепул таъминлаш учун барча шароитлар яратилди.

Тиббий ижтимоий бўлим томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Уларга 4 та қўлтиқ ҳасса, 3 та ҳасса, 4 та катталар аравачаси, 1 та болалар аравачаси, 2 та эшитиш мосламаси олиб берилган. Шунингдек, маҳаллалар кесимида ҳам ногиронларни нафақа ёшидаги кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Тизимда фаолият юритаётган шифокорлардан – Баҳриддин Нуруллаев, Анвар Тўхтаев, Умид Қосимов, ҳамширалардан – Шаҳло Ниёзова, Лола Бозорова, Гулзира Тангрбердиева, Насиба Ачилова, Нигора Карашева, Шаҳноза Аҳмедова ҳамда Юлдуз Нуровалар хизмати бугун ҳамкасбларига ибрат бўлаётир.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.