Кўнгил хазинасининг қулфи  –  тил

“Тилга эътибор, элга эътибор”деб бежиз айтмаган бобокалонимиз А.Навоий. Узоқ мозийдан бошланган тилга эътибор айни пайтларда ҳам ўз обрўсини йўқотмаган. Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг ўз тили бўлгани каби, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳам ўзига мос ва хос бўлган тили бор бўлиб, юртимиз унга истиқлолдан ҳам илгари эришди. Мамлакатимиз ўзи давлат тилини қўлга киритиши, истиқлолнинг дараги эди. Келинг, бизни шундай неъматларга етишишда восита (сабаб) бўлган тилимиз ҳақида суҳбатлашайлик. Қолаверса, тилга тарбия бериш борасида ҳам тўхталиб ўтиб, тил офатларини ва уларнинг зиёнларини билиб олайлик.

Eркинлик, мустақиллик учун курашнинг илк ғалабаси, нишонаси сифатида 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олиниб, шу кундан эътиборан мамлакатимизда ўз она тилида иш юритиш ва ўзаро мулоқотларда ўзбекона суҳбатни эркинлиги бошланди.

Дунёда тиллар кўп, айрим манбааларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 6700 дан зиёд тилда мулоқот қилишади. Ҳозирги даврда асосан уларнинг еттита: инглиз, немис, франсуз, рус, хитой, испан, ҳинд тиллари сўзлашувчиларининг кўплиги жиҳатидан бошқа тилларга қараганда ер шари аҳолиси ўртасида устунлик қилмоқда. Сабаби, ушбу тилларда гаплашувчи давлатлар иқтисодиёт, илм-фан, техника ривожи борасида бошқа мамлакатларга қараганда анча олдинлаб кетди. Шу боис ҳам, мазкур тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам катта ҳисобланади.

Чет тилларини ўрганиш ҳақида буюк немис адиби Иоганн Волфганг Гёте: «Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди»,-деб ёзган эди.

Астойдил ҳаракат қилинса, бошқа тилларни мукаммал ўрганиш ҳеч нарса эмас экан. Масалан, Австралиялик олим Стивен Вурм 500 та, рус олими С.А.Старостин 400 та, Германиялик Шютс 270 та, Даниялик тилшунос Расмус Раск 230 та, машҳур немис олими Вилгелм Гумболтд 117 та, немис олими Эмил Кребс 60 та, Италиялик кардинал Жузеппе Метссофанти 72 та, рус тилшуноси Е.Д.Поливанов 70 дан ортиқ, БМТ нинг бош таржимони Жорж Смит 69 та тилда гаплаша олган. Буларнинг барчаси биз-бугунги авлод учун ибрат намунасидир.

Ахир, бир пайтлари илм-фанда, санъат ва адабиётда, тил ўрганишда, фаҳм-фаросатда, ақл-заковатда ота-боболаримиз дунё халқларининг пешқадамларидан, энг олдинда турган эътиборли вакилларидан саналган-ку?!.

Масалан, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний 150 дан ортиқ тилни билган. Шулардан 20 таси «унутилган тиллар» саналган. Абу Наср Фаробий ўзлаштирган тилларнинг миқдори 100 дан ортиқ бўлган ва уларнинг 10 га яқини «унутилган тиллар» қаторига кирган. Дунё табобат илмига асос солган олимлардан бири Абу Али ибн Сино араб, форс, турк, лотин, сўғд тилларида бемалол суҳбатлаша олган. Соҳибқирон Амир Темур араб, форс, мўғул, туркий тилларни ўзига яраша ўзлаштирганлигини тарихдан барчамизга маълум.

Тарихий манбааларда таъкидланишича, азал-азаллардан илм-фан ҳамда унинг сирларини, тилларни ўрганишда халқимизда ўзига хос анъана ва бошқаларга қайсидир маънода, намуна бўла оладиган ҳислатлар бўлган. Ўзини зиёли, ўқимишли санаган ҳар бир инсон араб, форс-тожик ва албатта она тилимиз ҳисобланган ўзбек тилини мукаммал билган. Она тилидан ташқари, бошқа тилларни ҳам билиш замонасининг илғор кишилари ўзлари учун бу нарсани қатъий вазифа деб ҳисоблаганлар. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хоразмий, Нодира каби юртдошларимизнинг асарларини дунёга довруғ таратишида ҳам мана шу нарса муҳим омил бўлиб хизмат қилган дейишимиз мумкин. Негаки, уларнинг барчаси туркий – ўзбек тилидан ташқари, форсий тилда ҳам ажойиб шеърлар, асарлар битишган.

Дарҳақиқат, ўз она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, техника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.

Луғат бойлиги, унда яратилган илмий, бадиий, тарихий асарларнинг салмоғи нуқтаи назаридан ўзбек тили дунёдаги манаман деган тиллардан қолишмайди. Буни қуйидаги мисол ёрдамида ҳам исботлашимиз мумкин. Алишер Навоий ўз асарларида 26035 та, Александр Пушкин 21193 та, Уилям Шекспир 20000 дан ортиқ, Мигел де Сервантес 18000 дан ортиқ, Абдураҳмон Жомий 17600 та, Абдулла Тўқай 4000 дан ортиқ сўзларни ишлатган.

Eнди тилдан фойдаланиш ва ундан олинадиган фойда ва аксинча ҳолатлар борасида фикр юритиб ўтсак мақсадли бўларди.

Инсон учун бу улуғ ва бебаҳо неъмат ҳисобланади. Тил эса инсонни юксак ҳазинасидир. Бу борада бобакалонимиз А.Навоий ҳам “кўнгил ҳазинасин қулфи тил, калити сўз”, дейдилар. Қолаверса тил, одобнинг боши ҳисобланади. Бунга исбот тариқасида аллома Маҳмуд Қошғарийнинг “Одобнинг боши – тил”, деган таъкидларини келтириб ўтиш кифоя.

Тилнинг ёрдамида инсонлар ички фикрларини юзага чиқариб, ўз навбатида бошқалар билан ўзаро мулоқот олиб бориши, ўзининг фикрини кимларгадир етказиши мумкин. Тилдан тўғри ва ақлли равишда фойдаланилса, мақсадга эришиш осон бўлишади. Шу олий неъматдан баъзида нотўғри фойдаланиб, турли муаммоларни орттириб олиниши мумкин. Бу муаммолар аксарият ҳолларда кишини бошига кулфатлар олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бунга “тил офатлари” дейилади. Тилнинг офатлари борасида жуда кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Аммо ундан кўра тилнинг офатларини қисмларга ажратган ҳолда келтириб ўтилса, кўпроқ манфаатли бўлади.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазийлатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.

Тилни тийиш борасида кўплаб тавсиялар, маълумотлар ва уламоларимизни бизга кўрсатмалари бор. Жумладан, таниқли аллома Муҳаммад Зоҳид Қўтқу “Тилни тийиш – бу хоинлик, тухмат, ёлғон, ғийбат,чақимчилик, истеҳзо, бировни масхаралаш, ёлғон қасам ичишдан тийилиш, азон ва иқомат айтилаётганда, масжидларда, Қуръони Карим тиловат қилинаётганда, хутба пайтида, хожатхонада, жимо пайтида сўзлашмоқдан тийилиш, Қуръони Каримни ўз раъйига кўра тафсир қилиш, омонат сўз ва сирларни фош этиш, гуноҳкорларни ҳимоя қилиш, биродарлар узрини қабул этмаслик, мўминларни қўрқитиш ва шунга ўхшаш тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан ўзини сақлашдир”, – таъкидланган.
Кўпинча сўз айтиб, бўлдим пушаймон,
Айтмаган сўзимдан – доимо шонмон.[4]
Абу Абдуллоҳ Рудакий

Бизга аждодларимиздан қолган миллий меросларнинг адади бир талайгина. Маънавий ва маданий ҳаёт уйғунлигига чорловчи асарлар, илмий ва маданий мерослар биз авлодни баркамолликка, якдиллик ва олийжанобликка ундайди. Шунинг учун ҳам уларга эътиборлироқ бўлишимиз, уларда биз учун кўрсатилган кўрсатмалар орқали ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаб, миллий маданиятимиз пойдеворини мустаҳкамлаб боришимиз лозим бўлади.

Рўзали Қурбонов

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.