Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасидатиббиёт ходимларининг хабардорлиги ва фаоллиги ниҳоятда муҳим

 *Семинар

Тиббиётда миядаги қон айланишининг тўсатдан бузилишига инсульт дейилади. Унинг оқибатда мия тўқималарида ўзгаришлар юзага келади ва унинг шикастланиши туфайли турғун белгилар пайдо бўлади. Инсультнинг икки кўриниши геморрагик (мияга қон қуйилиши) ва ишемик ҳолатда (мия инфаркти) фарқланади. Бу – мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, мия функциясининг бир неча кун давом этувчи хасталигига олиб келади. Инсульт инсоннинг меҳнатга лаёқатини пасайтирувчи, узоқ муддат даволанишга, унинг оиладаги ҳаёт сифатининг пасайиши ва иқтисодий харажатларга сабаб бўлувчи касалликдир. Инсульт ўлим сабабчиси сифатида юрак қон-томир ва онкологик касалликлардан сўнг учинчи ўринда туради. Ўзбекистонда мия инсульти билан хасталаниш минг нафар аҳолига нисбатан 9 фоиздан 14 фоизгача тўғри келади. Ишемик инсульт миянинг тўлиқ ёки қисман қон билан таъминланишининг тўхташи оқибатида юзага келади.Хасталик кекса ёшлилар, кўпинча юрак касалликлари ва қон ивиши ортган кишиларда учрайди. Умуман олганда бу касалликка қарши кураш олиб боришда аҳоли ўртасида, биринчи ўринда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенгроқ ёйиш энг устувор вазифалардан биридир.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам бутун дунёда долзарб аҳамият касб этиб турган ушбу касалликлар профилактикасини самарали ташкил этиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4063-сонли қарорига асосан, жойларда нафақат тиббиёт ходимлари, балки қатор ҳамкор ташкилотлар, корхона ва муассасалар томонидан соғом турмуш тарзини тарғиб этувчи тадбирлар, семинарлар, спорт мусабақалари уютириб келинмоқда. Тарғибот тадбирларида аҳоли вакилларига соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқлар берилиб, уларни келгусида соғлом ҳаётга даъва этиш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу қарор ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил 10 октябрдаги 10-5/2716-сонли хати ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳридаги “Эдем” меҳмонхонасида семинар ўтказилди. Семинардан кўзланган мақсад аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ноинфекцион касалликлар, жумладан инсульт касаллигининг профилактикаси ва хавф омилларини аниқлаш бўйича оммавий скрининг тадбирларини ташкиллаштириш, бу борадаги ишларни юқори савияда амалга оширишда тиббиёт ходимларининг фаоллигини оширишдан иборатдир.

“Юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш. Амалиётда тиббий профилактика масалалари” мавзусида ўтказилган семинарга Аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказлари туман-шаҳар бўлимлари врачлари, тегишли даволаш профилактика муассасаларида фаолият юритаётган невролог, эндикринолог, психиатр ва умумий амалиёт шифокорлари ҳамда мамлакатимиздаги фармакологик ҳамда тиббий техникалар бўйича фаолият юритаётган фирмалар вакиллари жалб этилдилар.

Мазкур муҳим тадбирда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Б.Т Одилова ҳамда Соғлиқни  сақлаш вазирлиги бош неврологи, Ўзбекистон неврологлари бирлашмаси жамоасининг раиси муовини, профессор Ё.Н.Мажидова кун тартибидаги мавзулар юзасидан маърузалар ўқидилар. Нотиқлар юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасида тиббиёт ходими амалга ошириши керак бўлган чора-тадбирлар, инсультнинг олдини олиш ва неврологик касалликларнинг скрининги, шунингдек юрак хасталиклари профилактикаси ҳақида тўпланганларга кенгроқ маълумот бердилар.

Семинар якунида бу ерда жам бўлган барча тиббиёт ходимлари шу ернинг ўзида ташкиллаштирилган скрининг текширувларидан ўтдилар.

Бошқарманинг ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.