Бухорода «Сут безини тиклаш» ноёб операцияси ўтказилди

Республикада биринчи марта Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиалида сут безини тиклаш бўйича ноёб операция ўтказилди.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2017 йилдаги 2866-сонли “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматларни янада ривожлантириш ва онкологик ёрдамни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида Сеченов университетининг онкология, радиология ва пластик хирургия клиникаси ходимлари: клиника директори ўринбосари, пластик жарроҳлик кафедраси профессори Старцева Олеся Игоревна, пластик жарроҳлик кафедраси доценти, т.ф.н. Дмитрий Владимирович Мельников ва клиника илмий тадқиқотчиси Иванов Семён Ильичлар томонидан 2019 йил 26, 27, 28 октябр кунлари «Кўкрак бези саратонининг реконструктив хирургияси» мавзусида мастер-класс ўтказилди.
2019 йил 26 октябрда мастер-класс дастурида 20 дан ортиқ беморларга маслаҳат берилди, уларга профессионал тавсиялар берилди. 27 октябрда “Ўнг томонлама Мадден усули бўйича радикал мастэктомия, бир вақтнинг ўзида сут безини DIEP (қорин олд деворининг тери – тери ёғ ости қатлам билан) микрохирургик усул ёрдамида тиклаш” жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2019 йил 28 октябр куни «Маммологияда реконструктив жарроҳлик», «Сут безларини DIEP лоскут билан тиклаш» мавзуларида маърузалар ўқилди. Маҳорат дарси катта профессионал қизиқиш билан, ушбу соҳадаги ҳамкасблар ўртасида кўплаб мунозарали масалалар билан ўтказилди.


DIEP лоскути ёрдамида кўкрак сут безини тиклаш жаррохлик амалиёти Бухоро вилоятида ва Ўзбекистон Республикасида биринчи марта амалга оширилди, бу марказнинг юқори салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради.

Бошқарманинг ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.