САЙЛОВ ЖАРАЁНЛАРИНИ ЁРИТИШДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР КЕРАК!

Бугун, 27 октябрь куни халқаро матбуот маркази Бухоро вилоят бўлимида Сайлов жараёнларининг ёритилиши мавзусида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, марказий телеканаллар ва нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари, шаҳар ва туманлар газеталари муҳаррирлари, шаҳар ва туманлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, сиёсий партиялар ахборот хизматлари ходимлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан семинар тренери А.Неъматов жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни очиқлик ва ошкоралик, холислик принциплари асосида ўтишини таъминлаш, аҳолини сайлов қонунчилиги тўғрисида хабардорлик даражасини оширишда матбуот ходимларининг ўрни алоҳида эканлигини таъкидлади. – Сўнгги йилларда сайловларни ўтказишда ташкилий ишлар жуда аъло даражада олиб борилмоқда, – деди А.Неъматов ўз сўзида. – Сайлов округлари, участкалар юқори талаблар асосида жиҳозланмоқда, комиссиялар намунали иш олиб бормоқда. Қисқа айтганда, сайловларга ташкилий жиҳатдан тайёргарлик ишлари яхши. Аммо сиёсий партияларнинг ўзаро курашувчанлиги, бу борадаги фаоллиги у қадар кўзга ташланмади. ОАВлар ҳам ана шу курашни етарли даражада кўрсатиб бера олмади. Жорий йилги сайловларда оммавий ахборот воситалари вакиллари ана шу жиҳатга эътибор қаратишса, партияларнинг ўзаро рақобатларини кўрсата олишса мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, ҳозир ҳам муроса кайфиятидаги айрим партия ходимларидан улар дастури, электорати манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан амалга оширган фаолиятлари сарҳисобини талаб этишлари лозим. Ана шундагина биз ҳақиқий демократик сайловларни намойиш этган бўламиз. Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими

Manba buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.