Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ТАДБИРКОРЛАР ТОМОНИДАН ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ҲУДУДИДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШ ВА ФАОЛИЯТ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТАҚИҚЛАНАДИ

Мамлакатимизда ҳар қандай давлат тиббиёт муассасаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сонли “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги”ги қарорига асосан балансда сақловчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органининг биринчи раҳбари томонидан имзоланадиган ҳамда муҳр билан тасдиқланадиган хулосасини тақдим этиш тартиби жорий этилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 11-бандида Соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат тиббиёт муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқланганлиги белгиланган.

— Афсуски, шунга қарамасдан бугунги кунда айрим тадбиркорлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатини олмасдан туриб, давлат тиббиёт муассасалари ҳудудида ноқонуний қурилиш ишларини олиб бориш ҳолатлари ҳам учраб турибди, — дейди вазирликнинг Қурилиш ва моддий техник таъминотни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Акмал Норбеков. — Масалан, Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Навбаҳор” қишлоқ врачлик пункти ҳудудининг 0,10 ер майдонида ҳаммом ва савдо мажмуасини қуриш учун фуқаро З. Алибоевга ер ажратиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг розилигисиз 2018 йилда Булунғур туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Булунғур тумани ҳокимининг қарори устидан протест келтирилиб, Булунғур тумани ҳокимининг қарори бекор қилинган. Бунинг натижасида қурилиши бошланган биноларни бузиш ишлари амалга оширилмоқда. Шундай экан, давлат тиббиёт муассасалари худудидан ноқонуний равишда фойдаланиш, бино ва иншоотларни бузиш ёки қуриш ҳамда давлат мулки объектларидан ноқонуний фойдаланиш қатъий тақиқланганлигини унутмаслигимиз керак.

Шунингдек, 2017 йилда Сурхондарё вилояти тери-таносил касалликлари диспансери ҳудудидаги 300 квадрат метрдан иборат ер майдонини “Шифокор Валижон Сурхон” хусусий корхонасига ажратиш бўйича Термиз шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Ушбу ер майдонининг тадбиркорга берилиши ва маҳаллий ҳокимлик балансига олиниши бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори талабига зид равишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг розилик хати олинмаган. Мазкур ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти тери-таносил касалликлари диспансери ер майдонини қайтариш мақсадида Термиз шаҳар ҳокимининг қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига протест келтирилиб, Термиз шаҳар ҳокимининг қарори бекор қилинган ҳамда ноқонуний қурилиши бошланган биноларни бузиш ишлари амалга оширилган.

Хулоса ўрнида айтганда, давлат тиббиёт муассасалари ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати олинган ҳолда фаолият амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Manba minzdrav.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.