БУХОРОДА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНГАН ТИББИЙ ДИАГНОСТИКА МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Ҳаёт давом этар экан, тиббий ёрдамга эҳтиёж ҳам ошиб бораверади. Аҳолининг бу эҳтиёжини қондириш учун яратилаётган шароитлар ва имкониятларни доимий кенгайтириб бориш, тиббиётга ажратилаётган сармояни муттасил ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борадаги вазифаларни талаб даражасида ташкил этишга қаратилаётган эътибор инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётир. Бинобарин, вилоятимизда ҳам  Инвестиция дастури доирасида таъмирланаётган, “Обод марказ”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида янги қиёфага кириб бораётган соғлиқни сақлаш бино ва иншоотларининг сони тобора ортмоқда.

Бугун, 20 октябрь куни тақдимоти ўтказилган вилоят тиббий диагностика маркази ҳудудида амалга оширилган кенг миқёсдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳам эътиборга молик. Зеро, давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилаётган, айниқса, бу соҳа ҳуқуқий асослари мукаммаллаштирилаётган бир пайтда марказнинг моддий-техник имкониятлари яхшиланаётганлиги хайрли ишлардан бири бўлгани рост. Кенг жамоатчилик вакиллари, тиббиёт соҳаси ходимлари, нуронийлар иштирок этган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ў.Барноев айни шу жиҳатни алоҳида эътироф этди.

Марказни реконструкция қилиш ҳамда муассаса моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда аҳолига малакали диагностик хизмат кўрсатиш, шунингдек, декретив контингентлар, ҳайдовчилар, вилоятдан чет элга чиқувчилар ҳамда чет эл фуқароларига консультатив маслаҳатлар бериш имконияти яратилди. Шунингдек, марказда гематологогик таҳлиллар, спермограф, коагулометр, қоннинг биокимёвий таҳлили, ИФА ва ПЦР замонавий лаборатор текширувларини амалга ошириш мумкин.

Ушбу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.  Шу билан бирга қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига 15 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар харид қилинди.

Тадбирда йиғилганлар марказнинг ана шундай замонавий қиёфаси ва шарт-шароитлари билан яқиндан танишдилар.

Manba buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.