Асосий мақсад – касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволаш

Асосий мақсад – касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволаш

Маълумотларга кўра, 2018 йилда жаҳон бўйича саратон касалликлари билан оламдан ўтганлар сони 9,6 миллионни ташкил этган. Уларнинг 22 фоизи тамаки маҳсулотлари сабаб шу касалга чалинган ва дунёдан кўз юмган экан.
Хўш, хорижда ва мамлакатимизда бу касалнинг олдини олиш, даволаш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Тошкент вилоятининг «Лайнер» мажмуида ўтказилаётган «CARO–2019» II Марказий Осиё радиоонкология конгресси иштирокчиларининг бу ҳақда фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:

– Одилжон Аҳмедов, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари:
 
photo_2019-09-29_16-13-05.jpg
– Очиғини айтганда, юртимизда бу касаллик билан оғриган беморлар ҳақида маълумотлар қувонарли эмас. Айниқса, кейинги 5 йил ичида бундай беморлар сони кескин ошган. Масалан, 2018 йилда 22 мингдан ортиқ бемор қайд этилган бўлса, умумий ҳисобга турадиганлар сони 95 мингдан зиёдни ташкил этади. Улар орасида кўкрак, ошқозон, бачадон бўйи, ўпка саратонига чалинганлар кўпчиликни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларда касалликни эрта аниқлаш ва даволаш масаласи асосий мақсад қилиб қўйилган.
Шу талаблардан келиб чиқиб, бугунги кунда марказимиз ҳудудлардаги филиалларига 10 нафар етакчи мутахассисни юбордик. Улар раҳбарлигида касалликни эрта аниқлаш ва тиббий хизматни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда радиология ускуналари билан таъминлаш муаммоларини ечишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Чунки бу йўналиш кейинги ўн йил ичида ривожланиш жараёни жуда суст эди.
Айни кунда биз беморларни нур билан даволашда мавжуд 2 чизиқли тезлатгич ва 6 “Кобольт“ аппаратидан унумли фойдаланилмоқда. Бу борада 11 гамматерапевтик ва 7 брахитерапия ускунаси амалиётга татбиқ этилаётгани айни кўрилаётган чоралардан. Мамлакатимизда радиоонкология соҳасини ривожлантириш мақсадида иккинчи бор ташкил этилаётган Марказий Осиё радиоонкология конгресси шу йўналишда халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда замонавий нур терапияси ускуналари билан яқиндан танишишда катта имкониятдир. Негаки, унда кўплаб халқаро давлатларининг иштироки биз учун тажриба ва малака ошириш йўлида мулоқотлари олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.
– Марк Мюнтер, Германиядаги Штутгарт клиникаси профессори:
 
photo_2019-09-29_16-13-01.jpg
– Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янги даври бошланди. Бугун туризм соҳасининг жадал ривожланаётгани ҳамда германияликларнинг юртингиз тарихий обидалари ва анъаналарига бўлган қизиқиши ортаётганини катта қувонч билан айтгим келди. Бундан ташқари, тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги алоқалар ҳам янги поғонага чиқмоқда. Энди тиббиёт ҳақида тўхталсам. Мен юртингизга биринчи бор келдим. Бугун Марказий Осиё радиоонкология конгрессида инсонларда учрайдиган ўпка саратони ва уни даволашда қўлланилаётган илғор тажрибалар ҳақида тақдимот қилдим. Албатта, бу ерда нафақат Германия, балки Россия, Беларусь, Туркия каби давлатлар, шунингдек, Марказий осиёлик иштирокчиларнинг соҳа ривожидаги амалиёти билан танишишга муваффақ бўлдик. Очиғи бу мен учун ҳам фойдали бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тиббиётдаги ўзаро ҳамкорликлар, хусусан, “OPASCA German Oncology Solutions GmbH” компаниясининг ташаббуси билан юртингизда амалга оширилаётган лойиҳада катта мақсад кўзланган. Ўта жиддий ва улкан мақсадлар режалаштирилаётган ушбу лойиҳа ҳақида конгресс иштирокчилари янада кенг маълумотларга эга бўлди.
Энди икки оғиз фаолиятимиз ҳақида тўхталсам. Афсуски, бу касаллик билан оғриган беморлар Германияда ҳам кўп. Ўлим ҳолати ҳам тез-тез кузатилади. Бироқ бизда касалликни даволашда унинг эрта олдини олиш ва беморнинг умрини узайтириш методикаси яхши йўлга қўйилган. Хусусан, мен ишлаётган клиникада беморларни даволашда тўғри методика билан даволаш йўлга қўйилган ва у яхши самара бермоқда.
– Шужоадин Низомов, Тожикистон Республикаси онкология илмий маркази физик-радиологи:
 
photo_2019-09-29_16-13-03.jpg
– Ушбу конгрессда илк бор қатнашдим. Бу ерда тақдим этилган халқаро тажриба ва замонавий тиббий ускуналарнинг имкониятлари билан танишдим. Мен каби Тожикистондан келган мутахассислар учун конгресс қизиқарли ва янгиликларга бой бўлди. Шу билан бирга, бу ерда ҳар бир давлатда онкология ва радиология соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда ечимини кутаётган муаммолар ҳам ўртага ташланди. Кенг доирадаги мулоқот майдонига айланаётган мазкур Марказий Осиё радиоонкология конгрессининг анъанавий ўтказилишини истар эдим. Ҳатто бу конгресс иштирокчиларининг асосий истаги эканини мулоқот жараёнида билдим. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ва ташкилотчиларга ташаккуримни билдираман.
Таъкидлаш керакки, Тожикистонда ҳам саратон касалликларини даволаш ва бу борада тиббий хизматни яхшилаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Бу бўйича махсус дастуримиз бор.
Бизда бу касалликни даволаш жараёнлари яхши йўлга қўйилган бўлса-да, бироқ тиббий ускуналар билан таъминланганлик даражаси қониқарли эмас. Масалан, марказимизда битта “Кобольт“ ва битта брахитерапия ускунаси мавжуд. Ҳозирги кунда мавжуд масалага давлат томонидан катта аҳамият берилмоқда. Тожикистон ҳукумати ва Атом энергияси халқаро агентлиги ҳамкорлигида Хўжандда марказимизга қарашли радиотерапия клиникаси барпо этилди. У октябрь ойидан бошлаб беморларга тиббий хизмат кўрсата бошлайди. Шу билан бирга, 2021 йилда онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган замонавий клиника қурилиши бошланади. У махсус дастур асосида замонавий ускуналар билан таъминланиши кўзда тутилган.
Manba uza.uz
This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.