Ўзбекистон ва Германия радиоонкология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон ва Германия радиоонкология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Марказий Осиё радиоонкология конгрессининг Германиядан келган вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
– Аввало, икки давлат ўртасидаги тиббиёт соҳасидаги ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев. – Бунинг самарасини онкология соҳасида дастлабки эришилаётган натижаларда кўришимиз мумкин. Масалан, бу йил иккинчи бор ўтказилаётган конгресс кўплаб маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишига имкон яратаяпти. Айниқса, бу жараёнда германиялик радиоонкологларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда ишлашга бел боғлаётгани бизни қувонтирмоқда. Қолаверса, ҳамкорликнинг яна бир кўриниши – бу юртимизда Немис онкология клиникасини барпо этишдир. Бу борада дастлабки ишлар бошланган.

Эътиборли жиҳати, бу йилги конгрессда болаларда учрайдиган ушбу касаллик ва уни даволашнинг замонавий усуллари ҳақида ҳам халқаро мутахассислар ўз тажрибаларини тақдим этади.
– Когресс иштирокчи-мутахассислари Тошкентдаги хусусий клиникада бўлиб, шу касалликка чалинган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди, – деди Германиядаги “OPASCA German Oncology Solutions GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердлов. – Мен касбим тақозаси билан жуда кўп давлатларда бўламан. Яқинда Австрияда ўтказилган ана шундай конгрессда иштирокчилар Ўзбекистонда онкология йўналишига берилаётган эътиборга катта қизиқиш билдирди. Бу соҳа ривожи учун кўрилаётган чора-тадбирларнинг давлат сиёсати даражасида кўтарилганидан дарак беради. Ўзбекистонда Немис онкология клиникасини ишга тушириш ва шу соҳада замонавий онкологик тиббий хизматни жорий этиш айни шу ишлар ижросига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Учрашув якунида томонлар «Педиатрия» резидентура мутахассислиги бўйича қўшма дастурни имзолади.
Manba uza.uz
This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.