Автоишончнома, солиқ соҳасида янгиликлар ва меҳнат мигрантларига микроқарзлар: 1 октябрдан қандай ўзгаришлар кучга киради?

Қуйида 2019 йил 1 октябрдан қонунчиликда рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилади.

Яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади

Президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Меҳнат мигрантларига микроқарзлар ва субсидиялар

«Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида» президент Фармони қабул қилинди. 2019 йил 1 октябрдан:

меҳнат мигрантларига – 1 банк куни давомида паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси асосида 2019–2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 млн сўм миқдорида 1 йил муддатга микроқарзлар бериш;

суғурта компанияларига – йилига 1 маротаба хориждаги вақтинчалик меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 000 сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилади.

Ободонлаштириш соҳаси

Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

2019 йил 1 октябрдан юридик ва жисмоний шахслар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш учун масъул ҳисобланади.

Солиқ ва божхона имтиёзлари

Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2019 йил 1 октябрдан:

  1. бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари ҳисобланади;
  2. товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;
  3. қуйидагилар бўйича ҚҚС, шу жумладан импорт қилинганда ҳам, имтиёзлар бекор қилинади:
  • асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
  • соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
  • қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
  • юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Ер участкаларига алоқадор янги қарор

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда арихитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент Қарори қабул қилинди. 2019 йил 1 октябрдан:

  1. «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига ер участкалари бўйича маълумотларни киритиш «Давергеокадастр» органлари томонидан мустақил амалга оширилади;
  2. ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва (ёки) у бўйича хулосалар бериш ваколатли ташкилотлар томонидан фақат электрон шаклда амалга оширилади;
  3. ер участкасини танлаш материаллари юзасидан белгиланган ташкилотларнинг хулосасини олиш талаби бекор қилинади;
  4. ер участкаларининг бошланғич нархи тасдиқланган минимал қиймати асосида «Давергеокадастр» органлари томонидан ижобий хулоса берилгандан сўнг 5 кун ичида аниқланади;
  5. ер участкаси «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукционга участканинг бошланғич нархи аниқлангандан сўнг қўшимча қарор қабул қилинмасдан жойлаштирилади;
  6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, ҳокимларнинг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
  7. қурилиш объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини мажбурий экспертиза қилиш талаб этилмайди.

Аукцион ғолиби бўлган шахснинг айби бўлмаганда маъмурий тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Миллий гвардия суриштирув ваколатига эга бўлади

«Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, фойдаланиш, бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш:

  • фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача;
  • мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
  • Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
  • Қонун билан Миллий гвардия органлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўрувчи ҳамда суриштирув органлари қаторига киритилди.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи оширилади.

Алкоголли маҳсулотнинг акциз солиғи ставкаси ўрта ҳисобда 10 фоизга, тамаки маҳсулотининг акциз солиғи ставкаси 20 фоизга оширилади.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги Қонун кучга киради

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Қонунга мувофиқ, шахсга доир маълумотлар жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади.

Қонун билан ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Шахсга доир маълумотлар давлат бошқаруви органларига бепул берилади.

Шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Ноширлик фаолиятидаги имтиёз

«Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, болалар адабиётлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Ягона электрон тизим

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

2019 йил 1 октябрдан лойиҳалар ҳукуматга ва президент администрациясига фақат Ягона электрон тизим орқали киритилади.

Ижро ҳаракатлари интерактив давлат хизмати тизими

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

2019 йил 1 октябрдан mib.uz веб-сайтида бепул асосда ижро ҳаракатлари интерактив давлат хизмати тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали, жумладан интернет тармоғи орқали ундирувчи ва қарздор томонидан ижро ҳаракатлари боришини барча босқичларини кузатиш, шунингдек, қарзни онлайн тарзда тўлаш ва ижро ҳужжати бажарилганини қайд этиш мумкин бўлади. Мазкур тизимдан my.gov.uz портали орқали ҳам фойдаланиш имконияти ҳам яратилади.

Manba kun.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.