О`zLiDeP ташаббуси билан Шофирконда 300 нафардан ортиқ киши бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

Шофиркон туманидаги Истироҳат боғида О`zLiDeP ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида бўлиб ўтган “Меҳрижон ” байрами тадбири кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Мазкур тадбир доирасида кенг кўламли ишлар ташкил қилинди. Куй-қўшиқ ва дилтортар рақслар ва саҳна кўринишлари билан бошланган байрамда O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши бўлимлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, улар йиғилганларни партиянинг мақсад, вазифалари билан таништирдилар.
—Ярмаркани ташкил қилингани аҳолига яхши бўлди, — дейди O’zLiDeP аъзоси, “Лутфулло мураббий балиқчи” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Бурҳонов. — Кўпчилик арзонлаштирилган нархларда озиқовқат ва ноозиқовқат маҳсулотларини харид қилаяпти. Бизнинг жамият бундан 2 йил муқаддам ташкил қилинган. Жамият негизида нафақат балиқчиликни ривожлантирдик, шу билан бирга нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. Бундан ташқари, умумий овқатланиш шохобчасини ишга туширдик. Қисқаси, ҳозирча 7 нафар кишини иш билан таъминладик. Бир йилда вилоят аҳолисига ўртача 200-300 мингта балиқ чавоқлари ва 50 тоннагача товар балиқ сотаяпмиз. Соф даромадимиз 50-60 миллион сўмга тўғри келаяпти. Яқинда 300 тонна маҳсулот сиғимига эга музлатгич харид қиламиз. Қисқаси, яна камида ўн нафар кишини доимий иш билан таъминлаймиз.
Тадбир жараёнида турли спорт ўйинлари кўргазмалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди. Бундан ташқари, мазкур боғ ҳудудида жойлашган “Нуронийлар” масканида партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан “Соғлом оила — мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида “Соғлом бола — соғлом оила мевасидир” мавзуида бепул тиббий кўрик ташкил ўтказили. Унда 300 нафардан зиёд шофирконликлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
—Айни соғлигимга жиддий эътибор қаратадиган ёшдаман , — дейди шофирконлик Нодира Бердиева. — Бугун кўплаб шифокорларни жалб қилиб, аҳоли саломатлигига бу даражада аҳамият берилгани нур устига нур бўлди, албатта. Мен ҳам бошқалар қатори тиббий кўрикдан ўтдим.
—Бобир МФЙ ҳудудидаги Наққош қишлоғида истиқомат қиламан, — дейди 76 баҳорни қаршилаган отахон Тоҳир Шарипов. — Мана, бепул тиббий кўрикка келиб, узи ва экг текширувларидан ўтдим. Умрларидан барака топишсин, менга ўхшаган кўплаб қариялар келиб, эндикринолог, аккулист каби дўхтирларга кўриниб, бепул тиббий кўрикдан ўтаяптилар. Партия ана шунақа амалий ишларни қилаётгани яхши-да, ташкилотчилар биздек кексаларнинг дуоларини олаяптилар. Уларга яна бир бор раҳмат.

Ҳамза Турдиев

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.