ЯНГИЛАНАЁТГАН ТИББИЁТ

БУХОРО ВИЛОЯТИ:

ЯНГИЛАНАЁТГАН ТИББИЁТ

Ислоҳотлар қулоч ёзаётган бугунги кунда жамият тараққиёти ва соҳалар ривожи йўлида ҳар бир инсондан фаоллик талаб этилади. Бу жиҳат айниқса, халқ ва давлат ўртасида том маънодаги кўприк вазифасини ўтаётган депутатлар олдига ҳам муайян талабларни қўймоқда. Улар фақат марказда – идораларда ўтириб эмас, аксинча кўпроқ одамлар орасига кириб уларнинг муаммолари, ўй ва кечинмалари билан қизиқиши, ўз ваколати доирасида кўмак бера олиши лозим.

Айниқса, жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини ошириш, тиббий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилишда масъул кишилар ишини ўрганиш, амалий ишларни таҳлил қилиш, зарурат туғилганда уларга ёрдам кўрсатиш халқ вакилларининг зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир.

“Биз ўз фаолиятимизни бошлаган дастлабки кунлардан эътиборан сиз, ҳурматли халқ вакиллари билан барча муҳим вазифаларимиз қаторида иккита энг асосий масалага алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида келишиб олган эдик,- деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг  яқинда бўлиб ўтган 20-ялпи мажлисидаги нутқида. –  Буларнинг биринчиси – жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлса, иккинчиси – аҳолимизнинг соғлиғини муҳофаза қилишдир.

Ҳаммамиз тушунамиз, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Шунинг учун ҳам мана шу икки соҳада биз аҳволни тубдан ўзгартириб, ижобий натижаларга эриша олсак, бутун жамиятимиздаги вазият ва ижтимоий муҳит кескин ўзгаради, мен бунга аминман”.

Президентимизнинг жон куйдириб айтган бу гаплари бежиз эмас. Кейинги уч йил давомида у кишининг тинчлик ва халқ соғлиғи йўлида қилаётган улуғ саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизни бутун дунё тез тараққий этаётган давлатлар қаторида эътироф этмоқда. Хўш, биз-чи? Биз ўзини Ўзбекистоннинг ватанпарвар фуқароси деб ҳисоблайдиган, қолаверса, Президентимиз ва халқимиз ишонган жойларда ўтирган ваколатли одамлар, тараққиётга қанчалик ҳисса қўшаяпмиз?

Бухоро вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларга бир назар соладиган бўлсак, кейинги йилларда бирмунча ўзгаришлар рўй берганига шоҳид бўламиз.

РАҚАМЛАР  РИВОЖЛАНИШДАН СЎЗЛАЙДИ

Бухоро вилоятида 1,9 миллион нафар аҳолига 250дан ортиқ даволаш-профилактика ва ёрдамчи муассасалар тиббий хизмат кўрсатади. Улардан 30 таси стационар типидаги, 186 таси амбулатор-поликлиника муассасаларидир. Вилоятда тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида 70 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг барчасида аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, 70 та тез ёрдам шохобчалари ва 202 та ижтимоий дорихоналар ташкил этилган. Қишлоқ врачлик пунктлари сони 93 тани ташкил қилмоқда.

Тизимни молиялаштириш учун 2019 йилда давлат бюджети томонидан 645,4 млрд. сўм  ажратилган бўлиб, унинг 36,7 млрд. сўми (5,7%) дори-дармон харажатлари учун сарфланади. Бундан ташқари соғлиқни сақлаш соҳасига маҳаллий бюджетнинг режадан ортиқ топилган маблағлари ҳисобидан 7 ой давомида 23,4 млрд. сўм маблағ сарфланди.

2017 йилда врачлар вакансияси 663 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил бошида 135,5 ни ташкил қилди. Ушбу вакансия 140 нафар институт битирувчилари ҳисобидан ва 62 нафар ишлаб турган врачларни қайта тайёрлаш йўли билан ёпилиши режалаштирилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида ташкил этилган тоифалаш комиссияси томонидан 403 нафар олий маълумотли тиббиёт ходимларига I ва II тоифа даражалари берилди.

Вилоятда тез тиббий ёрдам тизимига жами 93 та “Дамас” (шундан 30 та маҳаллий бюджет ҳисобидан) ва 18 та “Хундай” ва “Тойота” русумли замонавий реанимобиллар етказиб берилиши натижасида автомашиналар сони нормативга кўра 153 тага етказилди.

Дори-дармон учун бир чақириққа сарфланадиган маблағ миқдори 5800 сўмга етказилди. Тез тиббий ёрдам бригадаси 36 номдаги дори воситалари билан тўлиқ таъминланди. Тез тиббий ёрдам станция ва шаҳобчалари сони 111 тагача оширилди (13 та станция, 10 та ОП, 70 та ҚОП, 11 та ҚВП, 7 та алоҳида шохобчалар). Натижада, вилоят бўйича тез тиббий ёрдамнинг кечикишлар фоизи 3% дан 0,5% гача камайди. Тез тиббий ёрдамга чақириқлар фоизи 30-35% га ошиб, бу аҳолининг тез тиббий ёрдамга бўлган ишончининг ошганлигидан далолат беради. Тез тиббий ёрдам тизимининг врачлар билан таъминоти 100 фоизга етказилди.

Вилоятда 2019 йилнинг 7 ойи давомида 4 та оналар ўлими қайд этилиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан биттага камайган. Гўдаклар ўлими кўрсаткичининг 7,4 дан 7,2 гача камайиши қайд этилди.

ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ АСОСИДА

2019 йилнинг 7 ойи давомида 33 та хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 412 тага етди. Бухорода Ўзбекистон-Корея қўшма “УзХимчан” клиникаси (чет эл инвестицияси миқдори 5,0 млн АҚШ доллари) да 90 та стационар даволаниш ўринлари ҳамда 100 та иш ўринлари яратиш бўйича ишлар якунланиш арафасида. Бундан ташқари, “Medanta healthcare” – 600,0 минг АҚШ доллари (Ҳиндистон), “Вужин Плэимвужин” – 5,3 млн АҚШ доллари (Корея), “Мегаполис капитал” – 2,0 минг АҚШ доллари (Ҳиндистон) компаниялари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Инвестиция дастури асосида 26 та объектда 46,1 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аёллар ва болалар “Мурувват” уйлари ҳамда “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторияси” қурилиши учун 14,2 млрд. сўм ажратилган. “Обод маҳалла” дастури бўйича 9,3 млрд сўмлик, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан вилоят кўз касалликлари шифохонаси учун 5,2 млрд сўм, вилоят тиббий диагностика маркази учун 4,4 млрд сўм, “Обод қишлоқ” дастурига қўшимча равишда 8,2 млрд сўм, жами 27,1 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. 2019 йилда тиббиёт муассасаларини жами 6,6 млн. долларлик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши режалаштирилган.

Марказлашган харидлар бўйича вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 1 млрд 488 млн сўмлик, “Саломатлик-3” лойиҳаси дастури асосида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига 945,0 млн сўмлик асбоб-ускуналар етказилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан РШТЁИМ Бухоро филиалига 870,0 млн сўмлик, вилоят кўз касалликлари шифохонасига 1,2 млрд сўмлик, вилоят онкология диспансерига 588,3 млн сўмлик асбоб-ускуналар етказиб берилди. Вилоят тиббий диагностика марказини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун 2,9 млрд сўм ажратилди.

Давлат-хусусий шериклигини йўлга қўйиш асосида гинекологик хизматни ривожлантириш мақсадида вилоят перинатал марказида ЭКО (экстракорпорал уруғлантириш) ни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Жорий йилда 5,0 млрд. сўмдан ортиқ маҳаллий бюджет маблағлари хисобидан Бухоро тиббиёт коллежининг бўш турган 2 қаватли биноси тўлиқ реконтрукция қилиниб, вилоят кўз касалликлари шифохонаси мазкур бинога кўчирилди ҳамда 2,2 млрд. сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бунинг натижасида аҳолига ихтисослашган офтальмологик хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида “VI-FI” зонани ташкил қилиш бўйича “Ўзтелеком” вилоят бўлими билан 12 млн.сўмлик шартнома қилиниб, ҳозирда оптик толани муассасага киритиш бўйича ишлари бошланган.  Бухоро шаҳрида травматология, нейрохирургия, реабилитация йўналишлари бўйича Ўзбекистон-Корея қўшма “УзХимчан” клиникаси (чет эл инвестицияси миқдори 5 млн АҚШ доллари) да 100 та стационар даволаниш ўринлари, 100 та янги иш ўринлари яратилади. Мазкур клиниканинг Корея давлатидаги касалхонасига жорий йилнинг июль ойида вилоятдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлардан етти нафари юборилди ва уларда бепул эндопротез қўйиш жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бошқарма тизимидаги даволаш–профилактика муассасаларининг олтмишдан зиёд мутахассислари жорий йил давомида Бухоро Давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида Россия Федерацияси, Польша, Словакия, Украина, Доғистон, Қозоғистон, Тожикистон Республикалари, Туркия ва Франция давлатларининг нуфузли клиника ва таълим муассасаларида малака ошириб қайтдилар.

НАМУНАЛИ ТИББИЁТ БИРЛАШМАЛАРИ

Бухоро вилоятида Вобкент тумани ҳамда Когон шаҳри тиббиёт бирлашмаларини  намунали тиббиёт бирлашмаси сифатида шакллантиришга алоҳида урғу берилаётгани аҳамиятлидир. Бунда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи ҳамда ихтисослашган тиббий хизматларнинг сифати ва самарадорлигига, замонавий электрон ахборот алмашиниш, ҳудуддаги тиббиёт муассасалари бинолари ва моддий-техника базаси ҳолатига, дори-дармон, тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан таъминланганлик  даражаси,  кадрлар таъминоти ва салоҳияти эътиборга олинмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва ихтисослашган хизматлар сифат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва вилоят ҳокими томонидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва Вобкент тумани учун 6,9 млрд сўмдан ортиқ ҳамда Когон шаҳри учун 10,6 млрд сўмдан кўпроқ маҳаллий бюджет маблағлари сафарбар этилди.

ВОБКЕНТ ТУМАНИДА:

Соғлиқни сақлаш соҳасида қилинаётган ишларни Вобкент тумани мисолида оладиган бўлсак, қуйидаги манзарани кўрамиз: туманда бугунги кунда 136 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 235 ўринли марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника (250 қатновга мўлжалланган), олтита ҚОП ва ўнта ҚВП аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туманда 16 та хусусий тиббиёт муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 15 таси амбулатор, 1  таси стационар шароитда фаолият юритади.

Жорий йилда 300 млн сўм ҳисобига туман тиббиёт бирлашмасига қарашли КТМП, 12-сонли ҚОП ва унинг “Ғарибшоҳ” филиали, “Ҳажувон” ва “Косари” ҚВПларига “UZ ONLAYN” интернет тизими киритилиб, бепул “WI-FI” зоналар ташкил қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларини замонавий компьютер жамланмалари билан таъминлаш мақсадида 500 млн.сўм маҳаллий бюджет маблағлари ажратилди. “Обод қишлоқ” давлат дастури маблағлари ҳисобидан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 12-сон ҚОП ва “Косари” ҚВП биноларини капитал таъмирлаш учун  жами 1 млрд. 162 млн. сўм ажратилиб, бугунги кунда ҳар иккала обьектда қурилиш ва монтаж ишлари 95 фоизга амалга оширилган.

“Бухоро Дори-дармон” МЧЖнинг 950 млн сўм маблағи ҳисобига марказий касалхона ҳудудида  янги замонавий ижтимоий дорихона биносини қуриш ишлари бошланди. “Янгикент” қишлоқ врачлик пункти биносини янгидан қуриш бўйича дастлабки лойиҳа-смета тайёрланди, тез орада бу ерда ҳам амалий ишлар бошлаб юборилади. “Ҳажувон” қишлоқ врачлик пункти, 10-сонли  қишлоқ оилавий поликлиникасининг “Гулистон” ва 12-сонли  қишлоқ оилавий поликлиникасининг “Ғарибшоҳ” филиаллари биносини капитал таъмирлаш учун 1 млрд  602 млн. сўмдан ортиқ маҳаллий бюджет маблағлари ажратилди ва ишлар деярли ниҳоясига етган.

Туман тиббиёт бирлашмасига юмшоқ жиҳозлар учун маҳаллий бюджетидан 60 млн. сўм ажратилди ва 250 комплект чойшаб, 100 дона тўшак, шунча кўрпа ва 150 дона ёстиққа бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмаги билан бирлашмада ишлаб келаётган бир нафар шифокор травматология ва ортопедия йўналишида Россия Федерациясининг етакчи клиникасида малака ошириб келадиган бўлди.

Туманда тиббиёт кутубхонаси ташкил этиш мақсадида 22 млн сўмлик маҳаллий бюджет маблағи ажратилди ҳамда соҳага оид китоблар ва қўлланмалар рўйхати шакллантирилди. Бирлашмада тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёж республика тиббиёт институтлари клиник ординаторлари ва магистрлари ҳисобига тўлиқ қопланди. Туман молия бўлими билан ҳамкорликда 119 млн.сўмга бирлашмада бўш турган бинонинг бир қисми замонавий кўринишда таъмирланиб, унда республика ихтисослашган марказларидан туманга амалий ёрдам бериш ҳамда маҳорат дарслари ўтказиш учун келадиган мутахассисларга қулайликлар яратиш мақсадида хоналар ташкил этилди.

Туман тиббиёти учун 60 дона замонавий компьютер жамланмасининг харид қилиниши ва муассасалар “Электрон поликлиника” тизимига уланиши ҳам бу борадаги ислоҳотларга муносиб жавоб дейиш мумкин.

Ўтган икки ой давомида Вобкент тумани ва Когон шаҳрида эътиборга молик ишлар бажарилди. Бу ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий поликлиникалар ва оилавий поликлиникаларда алоқа тизимларини яхшилаш мақсадида оптик толали кабеллар ўрнатилиб, жорий қилинган “Электрон поликлиника” тизимига жами 2 млрд 244 млн сўм маблағ йўналтирилди.

 КОГОН ШАҲРИДА:

Когон ҳам вилоятнинг аҳолиси гавжум жойлашган шаҳарлари сирасига киради. Бу ерда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва ихтисослашган хизматлар сифат ва самарадорлигини янада ошириш тадбирлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Чора-тадбирлар режасига кўра туманга 7,9 млрд. сўмдан ортиқ маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди. Хусусан, бирлашманинг тез тиббий ёрдам марказий бўлими маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан капитал таъмирланди. Шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг операцион хоналари таъмирланди ҳамда кардиология ва хирургия бўлимларида барча қулайликларга эга палаталар ташкил этилди.

Бундан ташқари, кўп тармоқли марказий поликлиниканинг болалар бўлими капитал таъмирланди ҳамда бирлашманинг икки қаватли бино  ертўласида мавжуд ичимлик суви ва иссиқ сув учун мўлжалланган қувурлар янгиланди.

Шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг “Зирабод” ва “Ибн Сино” филиаллари ўрнига аҳолига қулай бўлган ҳудуддан 250 қатновга мўлжалланган шаҳар оилавий поликлиникасини янгидан қуриш режалаштирилган эди. “Обод маҳалла” Давлат дастури ҳисобидан бу ишларга 5,2 млрд.сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунда  қуриш ишлари давом этмоқда. Ҳозирда марказий касалхона ва кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси фасад қисмини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Касалхонанинг пуллик хизмат маблағлари ҳисобидан касалхона бош биноси олдида беморларнинг яқинлари учун кутиш жойлари ыурилиб, фойдаланишга топширилди.

Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига 110 минг АҚШ долларга баҳоланган замонавий рентген операцион аппарати (ЭОП) Япония давлати гранти орқали ютиб олинди. Йигирмата замонавий компьютер хариди учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 млн сўм ажратилди. Шаҳарда жами 18 та хусусий тиббиёт муассасалари мавжуд бўлиб, улардан 14 таси амбулатор шароитида, 4 таси стационар шароитда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Йил охирига қадар 4 та хусусий тиббий муассаса янгидан қуриб фойдаланишга топширилади.

ОНКОЛОГИЯ ДИСПАНСЕРИДА:

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида (қисқача “Онкология диспансери” деб юритилади) ҳам касалликларни самарали даволаш борасида ютуқлар қўлга киритилмоқда. Вилоят миқёсида илгари бажарилмаган 13 турдаги, республика даражасида амалга оширилмаган тўрт турдаги юқори технологияли мураккаб оператив даво усулларининг амалиётга тадбиқ этилиши тилга олишга арзигулик муваффақиятдир. 2016 йилда хавфли ўсмалар бўйича бажарилган умумий операциялар 804 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 1140 тани кўрсатиб турибди. Бош мия ўсмаларида пластик ва резекцион трепанация ва ўсмани бартараф этиш, сут бези ракида миопластика, редукцион маммопласика, TDL билан орган сақловчи, радикал мастэктомия ўрнини имплантли реконструкцияси, тил хавфли ўсмаларида гемиглосэктомия операциясидан сўнг билак ичи юзаси тери фасциал лоскути билан микрохирургик йўл орқали пластик операциялари, орқа мия ўсмаларида ўсмани олиш, умуртқа поғонаси метастатик ўсмаларида цементопластика, вертебропластика, интераоперацион кентген назоратида транспедикуляр фиксация қилиш каби  ўнлаб жарроҳлик амалиётлари ҳозирда шу ернинг ўзида муваффақиятли бажарилмоқда. Хориждаги етакчи тиббиёт марказлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик самараси бугун кадрлар салоҳияти ва ютуқлар омилида намоён бўлаётир.

Худди шунингдек, янгиланишлар жараёнини, ислоҳотлар нафасини вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази, РШТЁИМ Бухоро филиали ва бошқа бир қатор тиббиёт муассаларида ҳам кузатиш мумкин.

Албатта, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар кўлами бирмунча катта. Аммо ҳамма жойда ишлар аъло даражада боряпти, дея олмаймиз. Камчиликлар ўз жойида, ўз вақтида аниқланиб, тузатилиб, муаммолар ҳал этилиб борилишининг ўзи, бу – ўзгариш, бу – тараққиёт демақдир. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, келгусида бутун мамлакатимиз қатори Бухорода ҳам янги имкониятлар, сифат жиҳатидан хориж билан беллаша оладиган замонавий тиббиёт шаклланишига шубҳа йўқ.

Назир СОБИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати,

 

Илҳом НАРЗИЕВ,

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи.

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.