Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Онкодерматологияда инновацион тизим яратилмоқда

Республика тери-таносил касалликлари клиник шифохонаси Туркиядаги “Неолайф” онкология маркази билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда дунёда ишлаб чиқаришнинг жадал суръатлар билан ривожланиши, атроф-муҳит ва экологик зарарли омиллар, шу билан бир қаторда, носоғлом турмуш тарзи таъсирида инсон иммун тизими фаолиятининг сусайиши оқибатида турли тери касалликлари, жумладан, тери саратони кўпайиб бормоқда. Бундай касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволашга йўналтирилган инновацион технологияларни яратиш жаҳон тиббиётининг долзарб вазифасига айланмоқда.

Мамлакатимизда ҳам аҳолига дерматовенерология ва дерматоонкология соҳасида замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш учун ўзига хос инфратузилма яратилган. Бу борадаги илмий-амалий лойиҳаларни янада кенгайтириш тиббиёт олдидаги муҳим вазифадир. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиётнинг турли йўналишлари, жумладан дерматоонкология соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Республика тери-таносил касалликлари клиник шифохонаси бу борада Туркиядаги энг нуфузли “Неолайф” онкология маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиши тиббиёт ривожида муҳим қадам бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Республика тери-таносил касалликлари клиник шифохонаси ўз йўналиши бўйича етакчи тиббий-илмий муассасадир. Ушбу клиникада йилига 20 минг нафар беморга амбулатор, 2 минг нафардан зиёд беморга стационар тиббий ёрдам кўрсатилади. Мазкур тиббиёт муассасаси кейинги йилларда мамлакатимиздаги етакчи илм-фан муассасалари қаторида хориждаги нуфузли клиникалар билан илмий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирги кунда бу йўналишда Россиядаги бир қатор илмий марказлар билан ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Туркиянинг “Неолайф” онкология маркази билан ҳамкорлик доирасида онкодерматология йўналишида тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг бу соҳасидаги янгиликларини мамлакатимиз тиббиётига татбиқ этиш юзасидан қатор лойиҳаларни амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар юртимизда онкодерматология соҳасини ривожлантириш, бундай касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, диагностика ва даволаш ишларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Manba minzdrav.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.