Бир киши учун 3700 сўм – ҚВП ва оилавий поликлиникаларда тиббий хизмат, дори-дармон, тиббий буюмлар учун ажратилган харажатлар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш режалари, ҳудудий шифохоналар муаммолари, бепул буюртмалар олиш тартиби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, энди тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизими жорий этилади. Мисол учун, илгари 100 қатновга мўлжалланган поликлиникага қатнов сонига қараб маблағ ажратилган. Яъни, шу муассасада айни вақтда 100 кишига тиббий хизмат кўрсатиляптими ёки 10 кишигами, аҳамияти йўқ бўлган, поликлиниканинг қабул қилиш ҳажмига қараб — 100 кишига мўлжал қилинган ўша сумма ажратилаверган.

Янги тизимда эса аҳоли жон бошига қараб маблағ ажратилади ва поликлиника ҳисобида туради.

“Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими муҳим аҳамиятга эга, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Фаррух Шарипов. — Тиббий хизмат, дори-дармон ва тиббий буюмлар учун аҳоли жон бошига мўлжалланган харажатларни қисқача айтиб ўтсам. Қишлоқ врачлик пунктларида бир одам учун ўртача 3700 сўм ажратилган. Бу кўрсаткични биз барча ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар учун тенглаштириб, бир хил қилиб белгиладик. Қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларида ҳам бир нафар фуқарога ўртача 3700 сўм ажратилган. Марказий кўп тармоқли поликлиникаларда бир киши учун 4800 сўм ажратилган”.

Мулоқот давомида тез тиббий ёрдам хизматига доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

“Тез тиббий ёрдам бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш қандай аҳволда? — деди Фаррух Шарипов. — Уч йил олдин битта чақирувга 400-600 сўм маблағ ажратилган, ҳозирда бу 5800 сўмни ташкил қиляпти”.

Манба kun.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.