Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қандай касаллик?

    Қрим-Конго геморрагик иситмаси табийи учоқли касаллик ҳисобланади. Касаллик билан ҳайвонлар зарарланган, соғ ҳайвонларга ўтиши мумкин бўлган ҳудуд касаллик учоғи дейилади. Агар касаллик учоғи табиатда одамлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлса, бу жой касалликнинг табиий учоғи деб аталади. Табий ўчоқда яшовчи ёввоий ҳайвонлар-чул сичқонлари, типратиконлар, юмронқозиқлар, қуён, тулки кабилар каналарнинг йил давомида яшаб кўпайишига имкон яратади, каналар эса ўз навбатида танасида касаллик қўзғатувчиси бўлган вирусларни сақлайди. Кўриниб турибдики, табиатда касаллик ўчоқлари сақланиб қолиши чорвачиликнинг ривожланганлиги билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас.

Ушбу ҳудудларга экспедицияларга, чорва озуқаси жамғариш, ов қилиш ёки шунчаки табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун келган одамлар кана чақиши натижасида касалликга чалиниши мумкин, шунингдек ушбу ҳудудларга ўтлаш учун келган чорва ҳайвонлари ҳам каналарни ўзи билан бирга олиб келиши мумкин.

          Чўл ва саҳро зоналари, пасттекисликларнинг дарё бўйи тўқайзорлари, тоғ олди зоналари табиий ўчоғи бўлиши мумкин.

Касалликнинг асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилиши касаллик қўзғатувчиси манбааси бўлган каналар фаоллиги билан боғлиқ, чунки каналар кунлик ҳарорат ўртача 10 даража ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб озуқа манбаси-иссиқ қонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.

Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қул билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек касал одамлар билан контактда бўлиш жараёнида рўй беради.

       Касалликнинг яширин даври 1 кундан 14 кунгача, ўртача 4-6 кунни ташкил этади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40 даражагача), бош оғриги, мушакларда, бўғинларда, қорин ва бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, дармони қурийди, кунгли айниб қусади, ичи суюқ утади, юзи ва шиллиқ пардаларнинг қизариши кўзатилади.

Озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам ҳудди соғайгандек туюлади, лекин сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи-геморрагик даври бошланади. Бунда бурундан қон кетиши, терида нуқтасимон қон қўйлишлар, укол қилинган жойларда қон қўйилишлар, кўзатилади. Қон қўйилиши ички аъзоларда (ошқозон-ичак, бачадон) рўй бериши мумкин. Касал одам ажратмаларида (қон, қусиқ моддалари, сийдиги, ва бошқалар) кўплаб касаллик вируслари бўлиб, атрофдагиларга катта ҳавф тўғдиради. Агар ўз вақтида касалхонага мурожаат этилмаса кўп қон йўқотиш натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа органлар фаолияти чуқур бузилиши натижасида бемор ҳалок бўлиши мумкин.

           Касалликни даволаш фақат махсус стационарларда ўтказилади, ўйда даволаш мумкин эмас, бу бемор ҳаётига ва атрофдагиларга катта ҳавф тўғдиради. Касаллик барвақт аниқланса ва тегишли даво чоралари ўз вақтида ўтказилса беморлар тўлиқ соғайиб кетади.

          Касалликни юқтирмаслик учун қўйидаги қоидаларга қатьий амал қилиш лозим:

        Чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг, дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажаринг;

        эсда тутинг, кана одам танасига ўтиб олгандан кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қўлай жой қидиради (қўлтиқ ости, чатан ва бошқа иссиқ ва пана жой), бу вақтда уни пайқаб қолсангиз пинцет ёрдамида, резина қулқоп билан олиб ташланг, агар кана танага ёпишган бўлса уни зинҳор юлиб олманг, кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ булса оддий усимлик ёғини томизсангиз нафас ола олмай қолган кана узи сўрғичини танадан чиқаради, кейин уни осонгина пинцет ёки резина қўлқоп билан олиб ташлаш мумкин, тиббиёт маскани яқин бўлса имкони борича дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг, у ерда канани олиб ташлаб, ўзингизни малакали мутахассилар тиббиёт кузатувига олади.

       чорва молларининг жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов бериш;

қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;

ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик;

        молхона, қўра-қўтонларда мунтаззам равишда каналарга қарши дезинсекция тадбирларини ўтказиб бориш, аҳлат ва гунг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик.

        Крим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас, юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак,  қайд этилган касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушинтирсангиз ўзимизнинг ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.