Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг Бухоро вилоятида ижро этилиши ўрганилди

      24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури”нинг Бухоро вилоятидаги ижроси муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси аъзолари, депутатлар ҳамда масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишни вилоят ҳокими Ў.Барноев кириш сўзи билан очди.

Мажлисда таъкидланганидек, коррупция салбий ижтимоий ҳодиса сифатида мамлакат инвестицион жозибадорлигининг пасайишига олиб келувчи, республикамиз тараққиётига тўғоноқ бўлувчи омил бўлиб, жамият ривожи учун катта хатар туғдиради. Шу боис унга қарши курашишда давлат ва жамият кучлари бирлаштирилиб, аниқ тадбирлар амалга оширилиши лозим.

Шу мақсадда коррупцияга қарши курашиш бўйича Бухоро вилояти идоралараро комиссияси ўз чора-тадбирлар режасига мувофиқ ҳудудда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи ҳудудий давлат органлари ҳамда ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш бўйича ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, ушбу ишларни тизимли равишда ташкил этиш мақсадида давлат органларива ташкилотларнинг ҳар биридан идоравий мувофиқлаштирувчи белгиланган. Комиссия ишчи органи томонидан уларга тегишли мутахассис ва экспертлар жалб қилинган ҳолда тушунчалар ҳамда иш фаолиятга оид ахборотлар, тарқатма материаллар, плакатлар етказиб берилган. Шу каби профилактика ишлари натижасида ҳудудда коррупция билан боғлиқжиноятлар статистикаси пасайгани қайд этилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш коррупцияга қарши курашиш муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Зеро, ушбу иллатга қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси, балки барча кишилар ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Фуқаролар ҳам айни ҳақиқатни тушуниб етаётганини улар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар сони ошганлигида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, вилоят прокуратураси органларига 2018 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 23 минг 562 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 18 минг 51 таси ҳал қилинган.Улардан 2 минг 557 таси қаноатлантирилган ҳамда 1 минг 278 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда муайян камчиликлар борлиги мажлисда алоҳида қайд этилди. Хусусан, вилояти прокуратураси томонидан 2018 йил давомида 3 нафар мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг барчаси судларга оширилган. Мазкур жиноят ишларининг тергов қилиш жараёнида давлат ва жамият манфаатларига етказилган 47,069 млн. сўм миқдорида зарар ундирилиши таъминланган.

Шунингдек, 2019 йилнинг 4 ойи давомида жисмоний ва  юридик шахслардан 9 минг 485 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 7 минг 72 таси ҳал қилинган. Улардан 1 минг 79 таси қаноатлантирилган ҳамда 679 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

Мажлисда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, галдаги вазифаларга урғу берилди. Таъкидланганидек, порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар, умуман коррупциянинг барча кўринишларига барҳам беришда турли идоралар, ташкилотлар ва аҳоли орасида тарғибот ишларинингсамардорлигини таъминлаш, мансабдорларнинг бу каби ҳуқуқбузарликлар учун масъулиятини кучайтириш йўналишида ишларни давом эттириш лозим.

Йиғилишда вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар, солиқ ва адлия, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда муҳокама қилинган масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Manba buxoro.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.