1 июндан қандай ўзгаришлар юз беради?

Табиий газ ва электр энергиясининг нархи ошади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги 897-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархлар оширилади.

Жумладан:

Табиий газнинг ( 1 м³ учун) нархи:

– ҳисоблаш асбоблари бўлганида аҳолининг коммунал маиший эҳтиёжлари учун — 350 сўм;

– ҳисоблаш асбоблари бўлмаган ҳолда аҳолининг коммунал маиший эҳтиёжлари учун:

– овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — 605 сўм;

– иситиш тизими учун — 350 сўмдан ҳисобланади.

Электр энергиясининг нархи (1 кВт соати учун):

I ва II гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 370 сўм;

III гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 280 сўм;

IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 392 сўм этиб белгиланади.

Давлат хизматларини кўрсатишдаги ҳудуд ва пропискага чегара бекор бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»гиқарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб:

– давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар исталган жойдаги Давлат хизматлари марказларига (прописка ва почта манзилидан қатъи назар) мурожаат қилишга ҳақли бўлади;

– давлат хизматларини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.

МИБ фаолиятида айрим ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 мартдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб: 

– ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади;

– ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилиши мумкин бўлади (неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаган эди);

– ва эндиликда ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур бўлади.

Фуқаролар йиғинлари ходимлари туман ташкилотида ишга олиниб, ишдан бўшатиладиган бўлади

Президентнинг 2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқейини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5700-сонли фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, бунга қадар республикада фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш билан боғлиқ ягона қоида ёки амалиёт бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга оширилди ва жорий йил 1 октябрдан яна 1,2 бараварга оширилиши белгиланган.

Manba kun.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.