Маҳалла билан якдил муассаса

Бухоро шаҳридаги 1-оилавий поликлиника аҳолиси гавжум бўлган ҳудудлардан бирида жойлашган тиббиёт масканидир. Бугунги кунда 25564 нафар фуқаро ҳудуддаги етти маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда ётоқхонада истиқомат қилади. Шундан катталар 18080, ўсмирлар 2346, болалар 5138 ҳамда туғруқ ёшидаги аёллар

3.jpg

5648 нафарн ташкил этади. Оилавий поликлиника янги ва замонавий, барча қулайликларга эга бинода фаолият юритмоқда, унга Валижон Мўминов раҳбарлик қилаётир. Бир кунлик қатнов ўртача ўртача 250 кишини ташкил этадиган муассасада айни пайтда 23 нафар умумий амалиёт шифокорлари ва тор соҳа мутахассислари, элликдан ортиқ ҳамшира ўндан зиёд кичик тиббий ходимлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдалар. “Саломатлик-3” ҳамда “Намунали поликлиника” дастурлари доирасида олинган УЗИ, рентген, лаборатор таҳлил аппаратлари ва бир қатор мебел, тиббий анжомлар, жиҳозлар шифокорлар ишидаги унумнинг ошишига хизмат қилмоқда.

Ўрта тиббиёт ходимларининг салмоқли қисмини патронаж ҳамширалари ташкил қилади. Улар тўққиз йўналиш асосида 12 даҳани қамраб олган ҳолда ўз зиммаларидаги вазифани адо этиб келишмоқда. Ҳар бир ҳамшира бир кунда 6 та, бир ойда эса юздан ортиқ хонадонга ташриф буюриб, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлар, ҳомиладорлар, янги туққан аёллар, чақалоқлар, бир ёшгача бўлган болалар, “Д” назоратида турган болалар, кексалар ҳамда ёш оилалар патронажини амалга оширади. Уларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиб боради. Олиб борилаётган ислоҳотлар самарси ўлароқ, эндиликда патронаж ҳамширалари фаолияти ҳам соддалаштирилди, улар учун қатор шарт-шароитлар яратилди. Илгари бир ҳамширага 2000-2500 фуқаро тўғри келган бўлса, бугун бу рақам 700-750 нафарни ташкил этаётир.

Айниқса оилавий поликлиника ва маҳаллалар ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик кутилган натижани бермоқда. Ҳар ҳафтанинг белгиланган кунида аҳоли олдида бериладиган ҳисоботлар фуқарони муассаса билан яқинлаштираяпти, қолаверса уларнинг тиббий саводхонлиги кундан-кунга ошиб бораяпти. Бир сўз билан айтганда, маҳаллалар билан ҳамкорлик бугун ўз сўзини айтмоқда.

Поликлиникада туғишолди профилактика хонаси ҳамда қизлар маслаҳатгоҳи ташкил этилган бўлиб, улар алоҳидаланган ҳолда фаолият юритмоқда. Бу ерда қизлар ва аёллар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топадилар. Ҳудуддаги мавжуд мактаб ва коллежларда ўқиётган ёшлар саломатлиги ҳам доимий назоратда. Болаларни ҳам эмлаш ишлари шифокорлар эътиборидаги муҳим вазифалардан биридир. 2,3,4 ойлик гўдакларга “Пентовален”, бир ёшлиларга – КПК, 1 ёшу 4 ойлик бўлганларга – АКДС ҳамда олти ойлик болаларга ККВ вакциналари ўтказилади. Бу эмлашлар Гепатит В, қизамиқ, портатит, дефтерия, қоқшол каби касалликлар профилактикасида қўлланилади.

Айтиш жоизки, олиб борилаётган чора-тадбирлар самарси ўлароқ, аҳоли ўртасида анемия, эндокринологик, болалар ўртасидаги ногиронлик, аёллар орасидаги ЭГЗ касалликлари нисбатан камайган. Сўнгги йилларда оналар ва болалар ўлими кузатилмагани яна бир ютуқ. Бу ерда ташкил этилган “Ижтимоий дорихона” фаолиятидан аҳоли миннатдор.

Шуҳрат Фармонов шу ҳудудга кўчиб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо негадир соғлигидаги ўзгаришлар уни безовта қила бошлади. Сурункали бош айланиши, оёқлардаги карахтлик ҳамда совқотиш белгилари уни жиддий хавотирга солганди. У “қанд касалига чалиндим шекилли”, деган хаёлга ҳам борди. Иккиланиб поликлиникага борди.

-Мен билан суҳбатлашган шифокор шикоятларимни ҳафсала билан ўрганиб, бир неча босқичли тиббий кўриклардан ўтказди, – дея эслайди беморнинг ўзи. – Кўриклар хулосаларини умумийлаштиргач хавотирга ўрин йўқлигини, фақатгина менда соғлом турмуш тарзи бир қадар бузилгани натижасида мияда қон айланиши сусайганлигини айтди. Муолажалар натижасида қисқа вақт ичида соғлигимни тиклаб олдим. Муассасада ишлаётган шифокорлар ва ширинсухан ҳамширалардан миннатдорман.

Фуқаро эътироф этган умумий амалиёт шифокори Матлуба Сафарова ўз ишининг жонкуярларидан биридир. Мана, 35 йилдирки бир даргоҳда астойдил меҳнат қилиб, одамлар меҳри ва дуосини қозониб келаётир. Муассасага оилавий поликлиника мақоми берилиши муносабати билан бир қатор тор соҳа мутахассислари умумий амалиёт шифокорларига айландилар. М.Сафарова ҳам бунгача терапевт сифатида хизмат кўрсатиб келаётганди. Илгари аҳолининг катта ёшдаги қатлами қабулига катта эътибор қаратилган бўлса, бугун УАШлар барча контингентлар қамровини ўз зиммасига олмоқда. Бунда шифокор олдидаги талаб ва масъулият яна бир неча карра ошади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, шифокор нафақат унинг қабулига келган бемор, балки унинг оиласи ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлади. Бу эса аҳолини соғломлаштириш йўлида ташланган муҳим қадамдир. Муассасада ўз ишининг фидойилари бўлган оқ халат соҳиб ва соҳибалари анчагина. Солиҳ Негматов, Мастура Юсупова, Ўктам Худоёров, Замира Ҳамроева, Ҳожар Расулова, Ёқуб Бақоев, Дилфуза Сафарова, Мастура Ҳалимова сингари шифокорлар, шунингдек Мавжуда Акрамова, Гулчеҳра Каримова, Ҳалима Ходжиева, Гулжамол Жўраева, Нодира Қосимова, Орзигул Мажидова, Феруза Исматова, Маҳбуба Муҳиддинова, Робия Халикова каби ҳамшираларни шулар қаторига киритиш мумкин.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.