Онкологларнинг халқаро анжумани

  Бухорода тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича турли илмий анжуманлар, мастер-класслар ва хорижий врачлар қабулларини ўтказиш кейинги пайтларда анъанавий тус олмоқда. Албатта, бу вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизими ва Бухоро давлат тиббиёт институти базасида илмий-амалий жараёнларнинг ривожланиб бораётганлиги туфайлидир.

 Бугунги кунда дунёда онкологик касалликлари билан касалланиш тобора ўсиб бораяпти. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 15 миллион нафарга яқин киши ушбу касаллик билан рўйхатга олинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозига кўра, 2020 йилга бориб саратон касаллигига чалинган беморларнинг сони 16 миллионга етиши мумкин. Шунинг учун саратон касаллигига қарши кураш, бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш комплекс ёндашувни талаб қилади. Бунда илғор хорижий тажрибани кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

 Шу йил 29-30 апрель кунлари “Азия Бухара” меҳмонхонасининг конференциялар залида “Суяк ва юмшоқ тўқималар саркомаси, тери ўсмаларини ташхислаш ва даволашда замонавий инновацион технологиялар” мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий конференция очилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги ПҚ-2866-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекситон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда  таниқли тиббиёт олимларининг маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.

 Конференциянинг фахрий меҳмони – Россия Фанлар академияси академиги Мамед Алиев, Россия Федерациясининг Блохин номидаги Онкология илмий тадқиқот маркази бўлим мудири, тибиёт фанлари доктори Эльмар Мусаев, Жанубий Кореядаги Сеул миллий университети тиббиёт коллежи профессорлари – Донг Юнг Ким ҳамда Ким Кванг Хён ва бошқалар ўзбекистонлик онколог олимлар билан биргаликда суяк ва юмшоқ тўқималар саркомаси, тери ўсмаларини ташхислаш ва даволашда замонавий инновацион технологияларни жорий этиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

 Анжуманнинг иккинчи кунида қатнашчилар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалига ташриф буюрдилар. Бу ерда турли онкологик касалликларни инновацион даволаш усулларини бевосита беморларга тадбиқ қилган ҳолда маҳорат дарслари ташкил этилди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.