Соғлом онадан соғлом бола туғилиши чексиз бахт

Соғлом авлодни вояга етказиш нақадар муҳим ва маъсулиятли эканлигини барчамизга маълум. Чунки, соғлом бола аввало, соғлом онадан туғилади ва мустаҳкам оилада улғаяди. Соғлом фарзандни дунёга келтириш учун ҳомиладорликка тайёрланиш вақтидан тиббий кўрикдан ўтиш, ўткир ва сурункали касалликларни аниқлаш, ҳамда уларни даволаш зарур.  Аёл ҳомиладор бўлиши билан 12 ҳафталик бўлгунга қадар албатта ҳудуд шифокорининг назоратига туриши лозим.  Ҳомиладорлик давридаги  назорат кўриклари она ва ҳомилани соғ-саломат бўлишини таъминлайди. 

Биринчи уч ой давомида аёл иложи борича ўзини турли хил зарарли омиллардан сақлаши керак, чунки бу давр давомида ҳомиланинг барча аъзо ва тизимлари шаклланади. Инфекциялар, кучли дори-дармонлар, алкоголь ва никотин  ҳомиланинг ривожланишига салбий  таъсир кўрсатиб, унда туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликда кучли сўлак оқиши, кўп қайт қилиш, тери қопламининг сарғиш тусга кириши ва терининг қичиши, қўл, юз, танада тўсатдан пайдо бўлган ва тез тарқалган шишлар, бош оғриғи, кўриш бузилиши, кўз олдида қора нарсалар учиши, тиришиш, кўз шиллиқ қавати ва терининг бирдан оқариши, ҳомиладорликнинг ҳар қандай муддатида қиндан қон кетиши, қоринда оғриқ, қоғаноқ сувлари кетиши, ҳомила қимирлаши камайиши ёки тўхташи, тана ҳарорати ортиши ҳолатларида дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим.

Шунингдек, аёлларнинг туғиш ёши 20 дан 35 ёшгача бўлиши кераклиги, туғруқ оралиғи энг камида 3-3,5 йилни ташкил ҳамда исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш соғлом бола туғилишининг шартларидан бири эканлигини унутмаслик керак.

Соғлом оила муҳитини яратишда, баркамол авлодни дунёга келтиришда барча никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари ва барчанинг соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшашлари жуда муҳимдир.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.