“Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати энг яхши деб топилди

Куни кеча 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида журналистика соҳасида энг юксак мукофот – “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танловнинг рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинацияларига кўра, йилнинг “Энг яхши матбуот хизмати” номинацияси бўйича вазирлик фаолияти ошкоралигини таъминлаш, матбуот анжуманлари самарадорлигини ошириш борасидаги ташкилотчилик фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ғолиб деб топилди. Мукофотни вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевга Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов топширди.

Маълумки, ушбу танлов анъанавий тарзда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун кенг шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

Жорий йилги “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти доирасида ҳам ана шу мезонлар асосида асосий мукофотлар: “Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот” (телевидение, радио ва босма оммавий ахборот воситалари учун – 1-, 2-, 3-ўринлар) ва Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилий қўмитанинг диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва мукофотлар билан тақдирланди.

Manba minzdrav.uz

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.