ЮСАИД ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги жахон силга қарши кураш кунини нишонламоқдалар

25 март, 2019 й. — Америка Қўшма Штатлари, хусусан Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон силга қарши кураш кунини Ўзаро англашув меморандумини имзолаш орқали нишонладилар. Мазкур Меморандум Ўзбекистонда сил касаллиги, айниқса унинг кўп сонли дориларга турғун ва дориларга ўта турғун (КСДТ ва ДЎТ) шаклларининг тарқалишига чек қўйиш мақсадида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиради.

Бундан ташқари Америка Қўшма Штатлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда Сил касаллигига қарши кураш миллий дастури Ўзбекистонда сил касаллигини камайтириш соҳасида эришилган асосий ютуқларни эълон қилдилар. АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Алан Мельцер айтиб ўтганидек, ўтган йили ЮСАИД кўмагида қарийб 2000 нафар тиббиёт ходимлари тайёргарликдан ўтган, 40 та лабораториянинг сил касаллигини текшириш бўйича халқаро стандартларга жавоб бериш салоҳияти оширилган ҳамда антибиотикларнинг янги тури татбиқ этилган. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда илк бор сил касаллигининг кўп дориларга турғун турига чалинган беморларга самарали муолажа олиш имконини беради.

ЮСАИД ташкилоти Жаҳон силга қарши кураш кунини нишонлашдан ташқари оммавий ахборот воситалари учун кўргазма ҳам уюштирди. Кўргазмада санъат асарлари, фотосуръатлар ва брошюралар намойиш этилган бўлиб, уларнинг барчаси сил касаллиги бўйича омма хабардорлигини оширишга, мазкур касалликнинг саломатликка бўлган юкини ҳамда сил касаллиги таъсирига учраган инсонларнинг кундалик аснодаги машаққатли курашини акс эттиришга қаратилган. 2019 йилги Жаҳон силга қарши кураш кунининг мавзуси бўлмиш “Чора кўриш вақти келди, сил касаллигига барҳам бериш вақти келди” хитоби билан ҳамоҳанг равишда ЮСАИД ҳамда Республика Ихтисослашган фтизатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатда сил касаллигига қарши курашишда илғорлик қилган ва сил касаллиги бўйича омма хабардорлигини оширишга катта хисса қўшган тиббиёт ходимлари ва журналистларни диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирладилар. Тантанали йиғилишда вилоятимиздан «Бухоро шифокори» газетасининг ходими Шамсия Турсунова , вилоят сил касалликлари касалхонаси катта лаборанти Лола Шералиевалар ҳам қатнашдилар ҳамда тақдирланганлар сафидан ўрин олдилар.
20 йилдан зиёд давр мобайнида АҚШ Ўзбекистон билан мазкур таҳликали касалликнинг тарқалишига чек қўйиш бўйича ҳамкорлик қилар экан, бунда барча инсонлар учун сил касаллигининг олдини олиш, уни аниқлаш ва даволаш бўйича самарали ва фойдаланиш қулай усулларини тақдим этиб келмоқда. 1993 йилдан бошлаб Америка Қўшма Штатлари соғлиқни сақлаш тармоғига ёрдам бериш мақсадида ЮСАИД орқали Ўзбекистонга 120 млн. АҚШ долларидан зиёд бўлган маблағни тақдим этган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.