Болалар касалхонасида спорт ўйинлари

Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш – соғлом турмуш тарзининг асосий тамойилларидан биридир.  Аммо аҳолини бунга кўпроқ ким даъват этиши керак? Албатта, аҳоли билан энг кўп муносабатда бўладиган тиббиёт ходимлари. Даъват эса ибрат кўрсатиш билан янада самаралироқ бўлади.

Вилоят Болалар кўп тармоқли илмий-амалий тиббиёт  маркази шифокор ва ҳамшираларининг бўлимлар ўртасида ўзаро спорт мусобақаларини ўтказиш ташаббуси  ана шундай ибрат намунаси бўлди. Очиғи, бу мусобақа ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирларии тўғрисида”ги  ПҚ-4055-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда пайдо бўлди.  Мазкур қарорнинг 10-бандида айтилади: “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида: иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари; ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқалар)да иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”; мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши амалиётга жорий этилсин”.

Ўтган ҳафта охирида вилоят БКТИАТМ маъмурияти, маслаҳат поликлиникаси ва барча бўлимларининг ходимлари спортнинг жисмоний тури – валейбол ва ақлий тури – шахмат бўйича  командалараро беллашдилар. Мусобақалар жадвали ишлаб чиқилди, ҳакамлар ҳайъати тузилди, беллашув ўтказиладиган жойлар белгилаб олинди, хуллас, ҳаммаси рисоладагидек ташкил этилди.

Валейбол бўйича мусобақада 1-ўринни жарроҳлик бўлими жамоаси, 2-ўринни эса пульмонология бўлими командаси эгаллади. 3-ўрин белгиланмади, нима ҳам дердик, бу – профессионал спорт эмас-да. Мусобақалар низоми марказнинг ўзида ишлаб чиқилган.

Шахмат мусобақаларида эса 3 та ўринга ҳам эга топилди: 1-ўрин – Чақалоқлар хирургияси ва интенсив бўлим жамоасига, 2-ўрин – кардиоревматология бўлимига, 3-ўрин – маъмуриятга насиб этди. Демак, ақлий спортда маъмуриятдагилар бўлимлардаги ходимлардан кучли эмас экан.

Бу ҳазил, албатта. Муваффақият омадга ҳам боғлиқ. Муҳими, спорт мусобақалари куни Марказ врачлари ва ҳамшираларининг тан ва руҳларини чиниқтирди, навбатдан ташқари “дам олиш куни” бўлди. Таассуротлар  эса анча пайтгача гапириб юришга етарли.

Ҳакамларнинг қайд этишича, БКТИАТМнинг жарроҳлик, даволаш, жонлантириш, янги туғилган чақалоқлар, эрта ёш чақалоқлар бўлимларининг ходимлари, айниқса, ҳамшира қизлар   валейбол мусобақаларини қизитишди. Спорт саломатлик ва гўзаллик гарови эканлиги уларнинг чиройли ўйинлари давомида яна бир бор намоён бўлди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.