Яқин келажакда дунё силни унутади

Сил ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар рўйхатига киритилган. Тўғри, у инсон ҳаётига хавф солади, бироқ бугун замонавий тиббиёт бу борада анча тараққий этган бўлиб, хасталик устидан ғалаба қозонишда ўтган давр мобайнида самарали натижаларга эришиб келинмоқда. Шу мавзудаги саволларимизга вилоят сил касалликлари диспансерининг ташкилий бўлим мудири, бош врачи ўринбосари, Жамшид Рахимов  жавоб беради.

-Жамшид Жалилович, аввало туберкулёз, яъни сил касаллиги ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

-Сил юқумли касалликлар сирасига киради. Унинг қўзғатувчилари сил микобактерияларидир. У организмга тушганида тананинг барча аъзоларини зарарлаши ҳам мумкин, бироқ 85 фоиз ҳолатда ўпкага зиён етказади. Сил соғлом одамга шу касаллик билан оғриган бемордан йўталганда ёки аксирганда юқиш эҳтимоли кўпроқ кузатилади. Немис бактериолог олими Роберт Кох узоқ изланишлари натижаси ўлароқ, сил қўзғатувчисини оммага маълум қилди. Шундан буён, яъни (1882 йил) 24 март – Халқаро силга қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинади.

-Ўтган йиллар билан солиштирганда, бугун вилоят сил касалликлари диспансерини янгича қиёфада кўриш мумкин. Янги бинолар, янги шарт-шароитлар…

-Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 62-сонли қарорига асосан муассасамиз Инвестиция дастурига киритилиб, бу ерда кўплаб эътиборга лойиқ ишлар бажарилди. Хусусан, диспансерда 40 шифо ўринли хирургия биносида реконструкция, 20 ўринли болалар бўлимида янги қурилиши, 80 койкали сил микобактерияси ажратувчи турғун (МЛУ) шакли беморларини даволаш бўлимида ҳам янги қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу ерда фаолият юритаётган маслаҳат поликлиникасининг янги замонавий биноси ҳам мустақиллик туҳфасидир. Бугун диспансер 220 шифо ўрнида фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда учта даволаш бўлимидан ташқари болалар, суяк сил, жарроҳлик ҳамда реанимация бўлимлари иш олиб бормоқда. Кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари 180 ўринли болалар ҳамда 50 ўринли катталар вилоят сил санаторияларида ҳам амалга оширилди. Бугун амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ сил беморларига малакали тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлиги ошганлигини кўриш мумкин. Аввало, муолажалар учун талаб этиладиган барча дори-дармонлар ўзимизда мавжуд ва улар юз фоиз бепул. Бактериологик лабораторияга силнинг турғун шаклларини эрта аниқлаш учун замонавий “Гене Хперт” ва “НАИН тест” аппаратлари олиб берилгани сил касаллигига тез ташхис қўйиш ҳамда даволаш тадбирларини эрта бошлаш имкониятини бермоқда. Бундан ташқари, ушбу лабораторияга ва Олот туман тиббиёт бирлашмасига янги ультробинафша нурланишга эга бинокуляр микроскоп ва жиҳозлар олиб берилди. Шунингдек ҳамкор ташкилотлар кўмаги ўлароқ, диспансеримизга “МЖИТ БАCТEC-960” аппарати олинди. Бунинг натижасида силнинг барча антибактериал дори воситаларига нисбатан сезгирликни аниқлаш имкони яратилди. Айтиш ўринлики, бизда мавжуд “Титан-2000” русумли рентген ускунаси ҳамда “Ароскан-2000” флюоромосламаси ёрдамида сил касаллиги хавфи юқори бўлган кишилар текширувдан ўтказиб келинмоқда.

Жорий йил 13 февралда Президентимизнинг “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4191-сонли қарори асосида мамлакатимиз миқёсида кенг қамровли тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Барча ҳудудларда ушбу тизимни янада ривожлантириш чоралари устида ишлар олиб борилади. Аввал айтганимдек, вилоятимиздаги сил муассасалари реконструкция босқичидан ўтган. Эндиликда даволаш ва диагностика ҳамда тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун Президент қарорига асосан 632,72 минг АҚШ долларилик ускуналар олиб берилмоқда. Вилоятимиздаги сил санаторияларига эса 8,7 минг АҚШ долларилик асбоб-ускуналар етказилиши режалаштирилган.

-Сил жарроҳлиги йўналишидаги ютуқларингиз…

-Жарроҳликда қўлланилаётган юқори технологик усуллар бу катта ютуқ. Бу амалиётлар Республика ва хориж давлатлари даражасида ўтказилаётганлиги бизни қувонтиради албатта. Хусусан, кўкрак қафаси жарроҳлик амалиётида ўпка хирургияси жадал ривожланмоқда. Бундан ташқари, суяк бўғимларида, умуртқа поғонасида ҳам йирик жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда.

-Бу касаллик ҳомиладор онадан болага юқиши мумкинми?

-2017 йилги ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйича бир миллиондан ортиқ бола сил касаллигига чалингани ва уларнинг етмиш фоиздан ортиғи вафот этганлиги аниқланган. Шу рақамнинг ўзиёқ болалар орасида унга қарши курашнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди. Энди саволингизга қайтсак, бу касаллик ҳомиладорлик даврида онадан болага ўтмайди. Аммо, чақалоқ туғилганидан кейин шундай хавф юзага келиши мумкин. Агар онада сил касаллиги аниқланса, тузалгунига қадар боладан алоҳида қилинади.  Чақалоқ эса 3-7 кунлигида сил микобактериясига қарши иммунитет ҳосил қилиши учун БЦЖ вакцинаси билан эмланади.

Бир пайтлар болалар ёппасига эмланарди. Бугунги кунда бу ишлар мақсадли равишда амалга оширилмоқда. Касалликка мойиллиги бор, шу касаллик билан оғриши эҳтимоли юқори бўлган қатлам мавжуд етти кретерийлар асосида аниқланади ва уларга тест-синамлар ўтказилади.

-Бир вақтнинг ўзида ВИЧ ва сил инфеекцияларидан азият чекаётган беморлар ҳам бор экан…

-Сил микобактерияси ажратувчи ва турғун шакли беморларини даволаш бўлими шунга ихтисослашган. Бу ерда ОИВ ва сил билан қўшилиб касалланган беморлар даволанади. Улар силга қарши муолажалар билан бирга пневмацияли пневмониянинг  олдини олиш мақсадида “катримаксазол” дори воситаси ёрдамида соғломлаштирилмоқда. Албатта, бу йўналишдаги ишлар вилоят ОИТС маркази билан ҳамкорликда амлаг оширилади.

-Диспансерда малакали кадрлар масаласига эътибор қай даражада?

-Табиийки, эришаётган натижаларимиз замонавий даволаш усулларини ўзлаштириб амалиётга тадбиқ этаётган ёш мутахассислар ҳисобига қўлга киритилмоқда. Хирургия бўлими таркибида ўн шифо ўрни урогенитал  сил хизмати учун ажратилган. Бу ерда буйрак, сийдик ажратиш тизими, преферик лимфа тугунлари  билан касалланган сил беморлари даволанади. Шифокор Неъмат Тошов Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида малака ошириб қайтди ва эндиликда урогенитал йўналишни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ўпка хирургияси йўналишида Эҳсон Холбоев ҳам анча бой тажрибага эга шифокорлардан. Кўкрак соҳасида юздан ортиқ жарроҳлик амалиётларини бажарган Ноила Бобожоновани ҳам тилга олиш ўринли. Қолаверса,  бош шифокоримиз Исомиддин Усмонов шифокор Шуҳрат Бозоров билан биргаликда 150 дан ортиқ суяк бўғими сили йўналишида операцияларни бажардим.

-Силнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қандай ишлар амалга оширилаяпти?

-Вилоятда сил касаллигининг олдини олишда УСАИДнинг силга қарши кураш дастури Прожеcт ҲОПE халқаро ташкилоти билан бир неча йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Бу ишда дастур координатори, диспансернинг ташкилий бўлим мудири ва бош врач ўринбосари сифатида мен ҳам фаолият кўрсатаяпман. Айнан шу мақсадда диспансерда “Дистацион ўқитиш ва мониторинг инновацион маркази” ташкил этилгани айни муддао бўлди. Жорий йилда икки нафар мутахассисимиз Белорусия ва Қозоғистон давлатларида тажриба орттириб қайтишди. Силга қарши миллий дастур ижросини таъминлаш маысадида ОИТС, сид ва безгакка қарши антибактериал дори воситалари билан таъминланганмиз. Икки йилдан буён мультидисциплинар гуруҳ билан ҳамкорликда мигрантлар, ОИВ беморлари, наркотик қабул қилувчилар билан ишлаш, уларни даволаш бўйича ижтимоий ёрдам бериб келмоқдамиз. Бу гуруҳ таркибида фтизиатр, психолог, инфекционист ҳамда аутрич сингари мутахассислар фаолият олиб боради.

-Ушбу касалликни бартараф этиш истиқболида нималарни кўрасиз?

-Дунё олимлари 2030 йилга бориб бу касалликдан батамом халос бўлишни мақсад қилишган. Бунга ишонса бўлади. Зеро, бу амалга ошмайдиган орзу эмас. Чунки мамлакатимизда бу соҳада катта ишлар қилинаётганлигини дунё кўриб, тан олмоқда. Айнан Президент томонидан қабул қилинган қарорга биноан мигрантлар орасида силга қарши кураш бўйича давлатлараро, идоралараро ҳамда соҳалараро ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқиляпти. Эндиликда аэропорт, темирйўл вокзали, умуман меҳнат муҳожирлари ўтиши мумкин бўлган барча назорат пунктларида сил сил касаллигини аниқлаш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилади. Бу эса шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини бир неча поғоналарга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.