Мақсад – ногиронликка чиқариш эмас

*Ўқув семинари

TMEK–тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг вазифаси нима? Буни ҳамма биладими? Афсуски, аҳоли ўртасида бу ҳақда нотўғри тасаввурлар мавжуд. Кўпчилик ТМЭКга мурожаат этар экан, ўзининг ногиронликка чиқарилишини талаб қилади. Ногиронлик мақомига эга бўлиб, нафақа пули олишни ўйлайди. Аммо ҳақиқий ногирон билан сохта ногироннинг фарқи бор.

-Бизнинг вазифамиз фақатгина фуқароларни ногиронликка чиқариш эмас, балки даволаш-профилактика муассасалари билан  биргаликда бемордаги касалликларни бартараф этиб, соғлигини тиклашдан иборатдир, – дейди вилоят Бош ТМЭК раиси М. Ортиқов. – Очиқ айтаман, бу кулгилими ё ачинарлими, бир нарса эски тузумдан фуқароларимизга “мерос” бўлиб қолган: соппа-соғ ёки даволаш мумкин бўлган касалликка учраган одамлар ҳам “Мени ногиронлик гуруҳига киритинг!” дея бизга эшик қоқиб келишади. Аммо ногиронлик ёрлиғини олишдан кўра – соғайиб кетиб, меҳнат билан шуғулланиш афзал эканлиги ҳақида ўйлашмайди. Баъзи бир  тиббиёт муссасаларидаги ТМК врачлари ҳам уларга ҳужжат тайёрлаб бериш чоғида шу нарсани эътибордан четда қолдиряптилар…

Ушбу масала яқинда Бухоро шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиника биносида ўтказилган “Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳамкорликдаги ишларини янада яхшилаш, тиббий ҳужжатларни сифатли ва қонуний расмийлаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш”га бағишланган ўқув-услубий семинарнинг  бош мавзуси бўлди.

Вилоятнинг туман ва шаҳарларидан тегишли соҳа вакиллари қатнашган мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 19 январда 872-рақам билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик экспертизаси тўғрисидаги Низом”нинг мазмун ва моҳияти ҳақида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ў. Бобоев маъруза қилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг  2015 йил 6 февралдаги мазкур ишга тааллуқли 1-сон буйруғи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг 2010 йил 22 декабрдаги ТМЭКка йўлланма (088/ҳ форма)ни расмийлаштириш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисидаги қўшма қарори яна бир бора тушунтирилди.

Шунингдек, семинарда фуқаролар (беморлар)нинг ногиронликка чиқиши талаблари ва шарт-шароитларини ўзида акс эттирган бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, ногиронлар ва муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиблари ҳақида, вилоятдаги айрим ДПМлар томонидан врачларнинг ўз вазифасини суистеъмол қилиб, касаллик тарихи ва тиббий хулосаларни сохталаштириш ҳолатлари ва унинг эҳтимолий ҳамда муқаррар оқибатлари тўғрисида, қонунчиликда фуқарога ногиронлик бўйича сохта ҳужжат ва ҳужжатости маълумотларни берганлиги учун қандай жазолар белгиланиши борасида, иштирокчиларни қизиқтирган бошқа масалалар бўйича вилоят Бош ТМЭК раиси ўринбосари Г. Бўронова,  врач-экспертлари М. Болотов, С. Мирзаев, Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли КТМП ТМК раиси С. Нарзиева, 20-сон ТМЭК раиси Р. Тўхтаевлар сўзга чиқдилар.

Семинарда …. иштирок этди ва сўзга чиқди.

Хулоса қилиб айтганда, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Бош тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан ташкил этилган мазкур ўқув семинари мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар кечаётган айни жараёнда вилоятнинг тегишли соҳа ходимлари учун зарур маълумотларни берди ва келгусидаги ишларни бекаму-кўст олиб боришлари учун фойдали бўлди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.