Ҳақингизни тўғри талаб қилинг!

Коррупция ва порахўрликка қарши кураш қанчалик кучайтирилмасин, айрим фуқароларимиз томонидан бу иллатга интилиш, яъни манфаатли бирор ишни битириш мақсадида пора бериш, воситачи орқали пора олувчи билан муносабатга киришиш ҳолатлари ҳамон содир этилмоқда. Ҳуқуқий давлатда, ҳуқуқий жамиятда ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини қонунларга асосланган ҳолда ҳимоя қилиши лозим. Афсуски, юртдошларимизинг аксариятида ана шундай ҳуқуқий маданият етишмайди.
2018 йил июль ойида РШТЁИМ Бухоро филиали тез ёрдам бўлимида ҳамшира сифатида 0,5 ставка билан ишлаб келаётган Умида Камолова бўлим диспетчери Зулхумор Ашуровага маоши камлигини айтиб, иш ставкасини тўлиқ 1 тага кўтаришда ёрдам беришини сўрайди. Шу билан бирга ўзининг таниши М. Ҳалимовани ҳам филиалнинг жонлантириш бўлимига ишга жойлаштириш таклифини билдиради. З. Ашурова бу ишлар учун воситачилик қилиб, “юқори турувчи раҳбарлар”га (аниқроғи филиал бўлим мудири Н. Бобомуродовага) бериш учун У. Камоловадан 150, М. Ҳалимовадан 650 АҚШ доллари миқдорида пора сўрайди.
Албатта, ойлик маоши атиги 350 минг сўм бўлган У. Камолова пора учун пул тополмай, боши қотади. Кейин бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро шаҳар бўлимига мурожаат қилади.
Департамент томонидан ўтказиладиган тадбирга иштирок этишга У. Камолова рози бўлди, лекин унинг таниши М. Ҳалимова таклифни рад этди. Хуллас, 2018 йил 31 июль куни РШТЁИМ Бухоро филиали тез ёрдам бўлими диспетчери З. Ашурова ҳамшира У. Камоловадан, ўз навбатида бўлим мудири Н. Бобомуродова З. Ашуровадан 150 АҚШ доллари миқдоридаги порани олган пайтларида қўлга олиндилар. Департамент томонидан У. Камоловага етказиб берилган бу купюраларга махсус кимёвий ишлов берилган эди.
Шу тариқа З. Ашурова ва Н. Бобомуродоваларга нисбатан жиноий иш очилди ва яқинда бу иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан барча далиллар ва гувоҳлар иштирокида кўриб чиқилди. Суд бу аёлларнинг ҳар бири қарамоғида 2 нафардан фарзандлари борлигини, барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳукм чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25.168-, 25.28.211- моддаларининг тегишли бандлари билан тавсифланган жиноятни содир этганликда айбланган иккала тиббиёт ходимининг ҳар бирига ўша вақтдаги энг кам иш ҳақининг 110 баравари миқдорида яъни 20 миллион 273 минг сўмдан жарима тўлаш жазоси тайинланди.
Мана, қинғир ишнинг оқибатида уларнинг номига доғ тушди, оилалари ва ҳамкасблари орасида юзи шувут бўлди, қилмишлари учун катта миқдорда товон тўладилар.
Ушбу воқеадан қандай хулоса чиқариш мумкин?
Тўғрисини айтганда, ҳаммамиз ҳам “Сиздан угина, биздан бугина” қабилида ишимизни битиришга ўрганиб қолганмиз. Таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, “олди-берди” одатлари қон-қонимизга синггиб кетган. Аммо ана шу ярамас одатларимиз туфайли миллатимиз, мамлакатимиз дунё ҳамжамияти олдида шарманда бўлаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Нима учун муҳтарам Президентимиз БМТ минбаридан туриб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга, коррупцияга йўл қўйилмаслиги борасида сўз берди ва шундан кейин бу иллатларга қарши бир қанча фармон ва қарорларни имзолади? Чунки ҳалқнинг эртанги кунини, келажагини ўйлайдиган давлат раҳбари шундай йўл тутади.
Айтайлик, юқоридаги воқеа “қаҳрамонлари” ишни порасиз ҳал қилиш учун қандай йўл тутишлари лозим эди?
Авваламбор, ишга кирганига атиги тўрт ой бўлган ҳамшира Умида Камолова 0,5 ставкадан 1 ставкага ўтиб ишлашга лойиқми? – буни унинг ўзи ўйлаб кўриши керак эди. Чунки иш ўринлари аниқ белгиланган муассасада ишлашни хоҳловчилар сони анча кўп. Агар у билан бир хил ёки камроқ стажга эга бўлганлар шу муассасада 1 ва ундан ортиқ ставка билан ишлаётганлиги маълум бўлса, у ҳолда Умида ўз иш ставкасини ошириш учун маъмуриятга, касаба уюшмасига ёзма мурожаат қилиб, белгиланган муддат ичида жавобини олиши керак. Мободо унинг аризаси асоссиз рад этиладиган бўлса, шикоят тарзида юқори турувчи идорага мурожаат қилинади. Шу тартибда адолат қарор топтирилади.
Бу биргина мисол. Лекин биз ҳар қандай муаммони қонуний тарзда ҳал этишга ўрганишимиз, ўзимизнинг ҳуқуқий саводхонлигимиз етмаса, ҳуқуқшуносларга мурожаат этишга одатланишимиз керак. Афсуски, кўпинча мана шу оддий ҳақиқатни англамасдан нотўғри йўл тутамиз. Бу эса жамиятда коррупция ва порахўрликка йўл очиб беради.
Албатта, тегишли идоралар бу иллатларга қарши турли усуллар билан кураш олиб боришмоқда. Юқоридаги мисолда Умида Камолова ваколатли департаментга мурожаат қилиб, тўғри йўл тутган. Ишга кириш ниятида бўлган М. Ҳалимова эса департамент билан ҳамкорлик қилишни яъни 650 доллар пора билан пора талаб қилган шахсларни қўлга туширишни истамаган. Бу унинг ҳоҳиши, албатта. Ҳар ҳолда, ўзбекчилик ва одамгарчилик деган тушунчалар бор. Шуни англаш лозимки, баъзан ҳаққониятни юзага чиқариш, жиноятга қарши курашиш ушбу тушунчаларни истисно этади.
Фуқароларимизга яна бир марта эслатиб ўтмоқчимизки, коррупция ва порахўрликка қарши ҳаммамиз – ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам, жамоатчилик ҳам, фуқароларнинг ўзлари ҳам биргаликда қатъият билан курашишимиз лозим.

Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

This entry was posted in Yangiliklar. Bookmark the permalink.