Yangiliklar

САЛОМАТЛИКНИ ТАРҒИБОТ ҚИЛИШ КУНЛАРИ

Кўриклар юқори савияда ўтказилди

Тиббиёт соҳасида ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ҳар бир саъй-ҳаракат, яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлардан кўзланган  мақсад – халқимизнинг бугунги кундаги ҳаётидан розилигига эришиш, ҳар жабҳада инсон манфаатлари устуворлигига эришишдан иборат бўлмоқда.

Бухоро шаҳридаги Сомонийлар истироҳат боғида икки кун давомида ташкил этилган “Саломатликни тарғибот қилиш кунлари” шиори остидаги тадбир ҳам ана шу мақсадда уюштирилган эди. Бу ерда ташкил этилган тиббий кўрикларда шаҳар аҳолиси жалб қилиниб, унда республика ва вилоятимизнинг етакчи мутахассислари, шунингдек Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли барча оилавий поликлиникалар врачлари қатнашдилар.

-Икки кун давомида 150 нафарга яқин фуқаро мурожаат қилди, – дейди вилоят болалар стомотология поликлиникаси врачи Умида Шарипова. – Кўриклар натижасида шу нарса аён бўлдики, асосан катталарда милк касалликлари, болаларда кўпкариес билан оғриш ҳолатлари кўпроқ учраётган экан. Биз уларни кўриклардан ўтказиб, даволаниш учун тегишли муассасаларга йўлладик.

Шу куни барча оилавий поликлиникалар ўз повильонларини ташкил этдилар. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти Бухоро ҳудудий бўлинмаси ходимлари томонидан “Соғлом турмуш тарзи асослари” ва “Эрта никоҳ – калта нигоҳ” мавзуларида маърузалар ҳамда суҳбатлар уюштирилди. Олти мингдан зиёд шу мавзудаги тарқатма материаллар кўрикларга келган аҳолига тарқатилди. Катта панно орқали роликлар намойиш этилар экан, мутахассислар овоз кучайтиргичлар орқали соғлом турмуш тарзи тамойилларини ўқиб эшиттирдилар.

Ўз ўрнида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу тадбирда фаол иштирок этди. Фонд мутахассислари кўригига 153 оиладан 251 нафар фуқаро келди. Уларга 87 млн 198 минг сўмлик дори-дармон, шунингдек 20 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога   озиқ-овқат маҳсулотлари (шакар, макарон, гречка ва тушёнка) тарқатилди. Қирқ нафардан ортиқ аҳолига оёқ кийимлари берилди.

“Қизил Ярим ой” жамияти вилоят бўлими ҳам бу жараёнлардан четда қолгани йўқ. Икки кун давомида 80дан ортиқ кўрикларга келган аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида амалий машғулотлар ўтказилиб, тарғибот ишлари бажарилди. Олий Мажлис қонунчилик палатаси гранти асосида 10 млн сўмлик буклетлар тарқатилди. Бутунжаҳон йўл ҳаракати хавфсизлиги куни муносабати билан бахтсиз ҳодисалар юзага келган вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатиш мақсадида ўқувлар уюштирилди.

Жарроҳ кўригига келган беморларда эса асосан диск чурраси, варикоз, диабетик ангиопатия, эхинакокк, ошқозон яра касаллиги кўпроқ кузатилди. Бухоро шаҳрилик олтмиш бир ёшли Зумрад Аҳмедовага қорин оқ чизиғи операциядан сўнгги вентрал чурраси ташхиси қўйилди.  Шифокор унга шаҳар касалхонасига ётиб даволаниш учун йўлланма берди. Бемор у ерда имтиёзли равишда бепул даволанадиган бўлди.

Икки кун давом этган тиббий кўрикларда 2800дан ортиқ аҳоли қатнашди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов иштирок этди. Вазир ўтказилаётган кўриклар савиясига эътибор қаратар экан, бу борада ўз тавсия ва фикрларини билдирди.

Мазкур тиббий кўрик нафақат вилоят марказида, балки туманлар ва шаҳарлардаги марказий истироҳат боғлари, маданият саройлари ҳамда оромгоҳларида бўлиб ўтди.

Показать больше

Related Articles

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Close
Close